Ўзбекистон | 09:52 / 08.08.2023
26410
3 дақиқада ўқилади

Зангиота туманига янги ҳоким тайинланди

Яна бир вазир ўринбосари туман ҳокими даражасига туширилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Эркин Эркамович Рустамов халқ депутатлари Зангиота тумани кенгаши қарори билан туман ҳокими этиб тайинланди. 

Эркин Рустамов 1984 йили Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. Маълумоти – олий. 2005 йил Тошкент давлат техника университетининг  бакалавр ҳамда 2007 йил мазкур олийгоҳнинг магистратура босқичини тамомлаган.

Лавозимга тайинлангунга қадар, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Зангиота туманининг олдинги ҳокими, бу лавозимда 2017 йил июлидан буён ишлаб келган Абдуваҳоб Тамиқаев 2023 йил июлида президент раислигидаги йиғилишда ўндан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимлари қаторида ишдан олинганди.

Зангиота тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва танқидий-таҳлилий нутқ сўзлади.

Вилоят ҳокими ўз сўзида туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари, бу борада йўл қўйилган хато-камчиликларга тўхталди.

Хусусан, туманда 15 минг аҳоли четда, иш излаб, сарсон бўлиб юргани таъкидланди. Ҳудудда иш ўринлари яратилаётган бўлса-да, Зангиотадек салоҳиятли жойда вазият мақтанарли эмаслиги қайд этилди.

«Туманда 93 та ғаллачилик фермер хўжалиги бор. 29-30 центнер ҳосил бера олмай, 10 дан ортиқ фермер режани бажармади. Бу нима деган гап? Умуман, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари ўз лавозимига лойиқлигини ўрганиш керак. Зангиотада ер увол бўлаяпти, ер сотишга муккасидан кетган ҳамма.

Мактаб ва мактабгача таълим бугун давлат сиёсати. Зангиотада бугун 5800 нафар бола учун боғчада жой йўқ, туманда қамров атиги 51,8 фоизни ташкил этади. Таълимга масъул раҳбарлар фаолиятига депутатлар баҳо бериши лозим, деб ўйлайман.

Умуман, туманнинг барча ташкилотлари раҳбарларининг лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини жиддий ўйлаб кўриш лозим.

Туманда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш мутлақо қониқарсиз. Бугун муддати ўтиб кетган 100 дан ортиқ мурожаатлар бор. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича занжир бор: аризани айланиб-айланиб маҳалла раисига юбориш одати пайдо бўлган.

Собиқ ҳоким Абдуваҳоб Тамиқаев тажрибали ҳоким эди. У киши билан турли йилларда ёнма-ён ишладик. Бироқ туман иқтисодиёти орқага кетишида туман фаолларининг роли катта деб ўйлайман. Бирикмаслик, бир ёқадан бош чиқармаслик ёмон одат. Рақамлар ортида инсон ҳаёти турганини унутишга ҳақимиз йўқ», дея вилоят раҳбарининг сўзларини келтирган ҳокимлик матбуот хизмати.

Йиғилишда Зойир Мирзаев, шунингдек, туманда йиғилиб қолган бир қатор муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш борасидаги вазифаларга тўхталди. Хусусан, экспорт режасини тўлақонли бажариш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокими ҳудуддаги қурилиш объектлари, бунда хусусан, инвестиция дастурига киритилган объектларда ишлар бориши устидан қатъиян жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид