Ўзбекистон | 09:18 / 09.08.2023
13888
2 дақиқада ўқилади

Навоийда катта миқдорда қалбаки пул ишлаб чиқарган шахслар ушланди

Улар 400 млн сўм сохта пулларни 160 млн сўм ҳақиқий пулга сотаётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Қизилтепа туманида қалбаки пул ишлаб чиқариш билан боғлиқ жиноят фош этилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 6 август куни вилоят ИИБ ТҚХ ЖҚБ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир жараёнида туманда яшовчи фуқаро А.Р. шартли харидорга жами 400 млн сўм қалбаки пулларни 160 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу пулни олган вақтида ушланган. А.Р. олиб борилган тезкор суҳбат давомида у 200 минг сўмлик купюраларни Қизилтепа тумани Бўлакработ маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қизилтепа турон” МЧЖга қарашли савдо дўконида таниши А.Х. билан биргаликда босиб чиқарганини билдирган.

Савдо дўкони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бориб кўздан кечирилганида у ердан қалбаки купюраларни босиб чиқаришда фойдаланилган ноутбук, рангли принтер ҳамда қалбаки пуллар топилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Олдинроқ Бухорода 100 минг сўмлик қалбаки банкнота ишлаб чиқарган жиноий гуруҳ ушланганди.

Мавзуга оид