Иқтисодиёт | 16:28 / 10.08.2023
46891
2 дақиқада ўқилади

Доллар ва евронинг расмий курслари ҳам кескин кўтарилди

Сўм бир кунда 3,5 фоизга қадрсизланди.

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 11 августда амалда бўладиган қийматини эълон қилди.

Унга кўра, доллар ва евро курси кескин кўтарилган.

Доллар 408,03 сўмга ошиб, 12 075,03 сўм бўлди. Евро 498,69 сўмга кўтарилиб 13 307,89 сўм бўлди.

Рубл 3,78 сўмга ошиб, 123,77 сўмни ташкил қилди.

Аксарият тижорат банкларида 10 август куни доллар сотув курси 12 минг сўмдан ошди: сотув курси 12135 сўмгача етди. Ўз навбатида, банклар 1 долларни 12 015 сўмдан сотиб ола бошлади. 

2022 йил якунларига кўра миллий валюта 3,94 фоизга қадрсизланганди, йил бошидан буён 10 августга қадар бу кўрсаткич — 3,74 фоизни ташкил этганди, энди эса 11 август кунининг ўзида — 3,5 фоизга.

Марказий банк буни асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталари сезиларли қадрсизланиши билан боғлаган.

Ўзбекистонда сўмнинг бу даражада кескин қадрсизланиши охирги бор 2022 йил март ойида, Россиянинг Украинага босқини ортидан рўй берган ва бир неча ҳафта давомида доллар курси ўсиши 400 сўм атрофида бўлган.

Сўнгги йиллардаги энг жиддий девалвация эса 2017 йил сентябрида рўй берганди, 5 сентябрдан доллар курси бирданига 3889 сўмга кўтарилиб, 8100 сўмга чиққанди (ўшанда расмий курс бир ҳафтада бир бор эълон қилинарди). Бу ҳолат Ўзбекистонда конвертация очилиши билан боғлиқ бўлганди.

Мавзуга оид