Ўзбекистон | 12:17 / 10.08.2023
22446
3 дақиқада ўқилади

Қатор ҳудудларда ер майдонлари ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди

Жиззах вилоятида 200 минг долларга ер сотиш билан боғлиқ иш доирасида Янгиобод тумани ҳокимлиги мансабдори қўлга олинган.

Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиззах, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Наманган вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди.

Жиззах вилоятидаги қурилиш фирмаси раҳбари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро ишончига кириб, Янгиобод тумани ҳокимлигида ишловчи мансабдор таниши ёрдамида, ёпиқ шаклда ўтказиладиган тендер орқали унга мазкур туман ҳудудидан 200 гектар ер майдонини шамол электр станциялари қуриш учун олиб бериш эвазига 200 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, жиноятни тўлиқ фош этиш мақсадида, қурилиш фирмаси раҳбаридан олинган дастлабки кўрсатмалар ҳамда мавжуд далилларга асосланиб, унинг Янгиобод тумани ҳокимлигида масъул лавозимда ишловчи таниши ҳам қўлга олинди.

Фарғона шаҳридаги масъулияти чекланган жамият раҳбари ва унинг таниши ўзаро тил бириктириб, мазкур МЧЖга инвестиция киритиб, ипак матолар тайёрлаш ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Фарғона шаҳридаги кичик саноат зонаси ҳудудидан ажратилган 2 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 110 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Паркент туманида деҳқончилик йўналишида фаолият юритувчи фермер хўжалик раҳбарининг ўғли мазкур хўжаликнинг 10 гектар ер майдонини харидорга 50 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 26 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Сардоба туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган 5 гектар ер майдонини харидорга 18 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 17 900 АҚШ доллари ва 1 млн 150 минг сўм олган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Чуст туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг раҳбари таниши билан ўзаро тил бириктириб, мазкур хўжаликнинг 2 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш ва у ерда боғдорчилик билан шуғулланишга рухсат олиб бериш эвазига 11 500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид