Жаҳон | 09:33 / 11.08.2023
5609
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайидаги ёнғинлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

Мауи оролидаги Лахайна сайёҳлик шаҳрида содир бўлган кучли ёнғинлар оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди, 270 дан ортиқ бино ёниб кетди. Архипелагдаги иккита оролда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Фото: AP

АҚШнинг 50-штатини ташкил қилувчи Ҳавайи оролларидаги ёнғинлар оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди. 10 август, пайшанбага ўтар кечаси маҳаллий ҳукумат берган маълумотга кўра, барча 36 қурбон Мауи ороли ғарбидаги қирғоқ бўйида жойлашган сайёҳлик шаҳарчаси Лахайнада топилган. Маълумотга кўра, давом этаётган ёнғинлар оқибатида камида 270 та бино тўлиқ ёниб кетган ёки қисман зарар кўрган. Ёнғинлар ҳалигача назорат остига олинмаганлиги сабабли, бир неча юзлаб оилалар уйларидан айрилган.

Бундан ташқари, Мауи оролида яна иккита йирик ёнғин содир бўлмоқда. Шу билан бирга, архипелагга қўшни Катта оролда бир нечта ёнғин келиб чиқди. Иккала оролда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинган. АҚШ президенти Жо Байден Ҳавайи оролларига федерал ҳокимият ёрдами ҳақида ваъда берди ҳамда Миллий гвардия ва денгиз флоти бўлинмаларига қутқарувчиларга ёрдам кўрсатишни буюрди.

Ҳавайи губернатори сайёҳларни Мауини тарк этишга чақирди

АҚШ Транспорт вазирлиги ороллардан сайёҳларни эвакуация қилишга ёрдам беради. Ҳавайи губернатори Жош Грин сайёҳларни Мауини тарк этишга чақирди. Расмийларнинг таъкидлашича, авиарейслар учун етарли бўш ўринлар мавжуд. Бироқ, сайёҳлар авиакомпанияларга ўзи мурожаат қилиши ва чипталарни олиши керак. Шу билан бирга, ёнғинлар авж олган оролнинг ғарбий қисмида электр энергияси, мобил ва стационар телефон алоқаси ҳам ўчган.

Ёнғинлар сабаблари ҳали аниқланмаган. Уларнинг пайдо бўлиши архипелагдан жанубга қараб ҳаракатланаётган «Дора» тўфони билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди расмийлар. 

Мавзуга оид