Жаҳон | 08:22 / 12.08.2023
6528
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайидаги ёнғинлар қурбонлари сони 67 кишига етди

Ёнғин қурбонлари сони кўпроқ бўлиши мумкин, чунки қутқарувчилар ҳали ёниб кетган биноларни кўздан кечиришни бошламаган, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият.

Фото: Justin Sullivan/Getty Images

Ҳавайидаги Мауи оролида содир бўлган ўрмон ёнғинлари камида 67 кишининг ҳаётига зомин бўлди, деб хабар берди 11 август, жума куни маҳаллий ҳукумат.

Шаҳар мэри Ричард Биссеннинг сўзларига кўра, қутқарувчилар ҳали ҳам жасадлари кўчада топилган ҳалок бўлганлар сонини аниқлаштирмоқда, фавқулодда хизматлар ҳали ёниб кетган биноларни текширишни бошламаган. Қутқарувчилар ёнғинни ўчиришда давом этмоқда. Ёнғин 1900 квадрат метр майдонни қамраб олган. 11 мингга яқин одам электр энергиясиз қолди.

Ҳавайи тарихидаги энг йирик табиий офатлардан бири

Мауи оролидаги ёнғинлар 8 август куни бошланган. Расмийларга кўра, ёнғиннинг тез тарқалиши архипелагдан жанубга йўл олган «Дора» тўфони билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тезлиги 130 км/соатгача бўлган кучли шамол туфайли аланга тез тарқалди, огоҳлантириш тизимлари тўғри ишламади. Ёнғинларнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмаган.

АҚШ президенти Жо Байден 10 август куни Ҳавайини табиий офат ҳудуди деб эълон қилди ва архипелагнинг жабрланган ҳудудларига федерал ёрдам ажратишга чақирди. Маҳаллий ҳукумат ҳозирги ёнғинларни ороллар тарихидаги энг даҳшатли табиий офатлардан бири деб атамоқда. Зарарни бартараф этиш учун кўп йиллар ва миллиардлаб доллар керак бўлади, дея маълум қилди улар.

Мавзуга оид