Жаҳон | 09:18 / 16.08.2023
6579
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайидаги ўрмон ёнғинлари: қурбонлар сони 101 кишига етди

Мауи оролидаги ўрмон ёнғинларидан кейин 101 кишининг жасади топилди. Расмийлар ҳалок бўлганларнинг якуний сони анча юқори бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШнинг Ҳавайи штатидаги Мауи оролида содир бўлган ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони 100 кишидан ошди. «101 киши ҳалок бўлди», деди 15 август, сешанба куни губернатор Жош Грин.

Унга кўра, табиий офат ҳудудининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ўрганилган. Қутқарувчилар ёниб кетган уйларнинг кулларини ўрганиб чиқмоқда, махсус ўқитилган итлар эса жасад қолдиқларини қидиришда ёрдам бермоқда. Грин яна қурбонлар сони анча юқори бўлиши ва яқин кунларда икки ёки уч баравар ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

АҚШда сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли ёнғин 

Мауи оролида бир ҳафта олдин содир бўлган ёнғин АҚШда сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли фожиа деб аталяпти. Табиий офат тарихий Лахайна шаҳрини вайрон қилди: 2200 та бино, асосан турар жой бинолари бутунлай ёниб кетган ёки шикастланган, 850 гектар ер ёниб кул бўлган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик Лахайнани тиклаш 5,5 миллиард долларга тушишини тахмин қилмоқда. 

АҚШ расмийларининг фикрича, Мауи оролидаги ўрмон ёнғинининг ҳалокатли оқибатлари бир қатор омиллар, жумладан алоқа тизимидаги узилишлар ва тезлиги соатига 130 кмга етган кучли шамоллар билан боғлиқ. 

Губернатор Жош Грин ва Ҳавайи штати бош прокурори Анне Лопез аҳоли ёнғин хавфи ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилганми ёки йўқлигини кўриб чиқишини маълум қилди. Reuters хабарига кўра, ёнғин содир бўлганда тревога сигнали берувчи сиреналар ишламаган. Уяли алоқа тармоғидаги носозлик ва электр энергиясидаги узилишлар эса одамларни хавф ҳақида бошқа йўл билан огоҳлантиришга имкон бермаган.

Мавзуга оид