Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳавайида ёнғин қурбонлари сони ортиб бормоқда, Байден Мауига ташриф буюради
Мауи оролидаги ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлган 110 кишининг жасади топилди. Расмийлар ҳалок бўлганларнинг якуний сони икки баравар кўп бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
АҚШнинг Ҳавайи штатидаги Мауи оролида содир бўлган ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони 110 кишига етди, деб хабар берди губернатор Жош Грин 16 август, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Якуний қурбонлар сони икки баравар кўп бўлиши мумкин, чунки юзлаб одамлар ҳанузгача бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди, деди Грин. Махсус ўқитилган итларга эга қидирув гуруҳлари ҳозиргача табиий офатдан жабр кўрган ҳудуднинг 38 фоизини ўрганиб чиқди. Қидирув ишларига жалб этилган итлар сони икки баробарга, 40 тага етказилиши режалаштирилган.
Байден ва унинг рафиқаси 21 август куни Ҳавайига ташриф буюради
Оқ уй баёнотида айтилишича, АҚШ президенти Жо Байден ва унинг рафиқаси 21 август куни Мауига фавқулодда хизматлар ходимлари, жароҳатланганлар, шунингдек, федерал, штат ва маҳаллий расмийлар билан учрашиш учун боради.
«Мен Ҳавайи аҳолисини ушбу табиий офатдан сўнг тикланиш учун зарур бўлган ҳамма нарса билан таъминлашга содиқман», деб ёзди Байден X микроблоглар сервисида (собиқ Twitter).
АҚШда 100 йил ичидаги энг ҳалокатли ёнғин
Мауи оролида 9 август куни содир бўлган ёнғин АҚШда ўтган юз йил ичидаги энг ҳалокатли ёнғин деб аталяпти. Табиий офат тарихий Лахайна шаҳрини вайрон қилди: 2200 та иншоот, асосан турар жой бинолари бутунлай ёниб кетган ёки жиддий зарарланган, 850 гектар ер ёниб кул бўлган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Лахайнани қайта тиклаш 5,5 миллиард долларга тушади.
АҚШ расмийлари Мауидаги ўрмон ёнғинларининг ҳалокатли оқибатларига алоқа тизимидаги узилишлар ва тезлиги соатига 130 кмгача бўлган бўронли шамол каби омиллар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин деб ҳисоблаяпти.