Сўров: немисларнинг аксарияти - Taurus Украинага етказиб берилишига қарши
Респондентларнинг атиги 36 фоизи Киевга немис қанотли ракеталарини етказиб бериш таклифини қўллаб-қувватлаган. Шарқий федерал ерларда Taurus’ни етказиб беришга нисбатан салбий муносабат айниқса сезиларли.
Германия аҳолисининг ярмидан кўпи – 52 фоизи Taurus немис қанотли ракеталарини Украинага етказиб беришга қарши, бу ARD медиакомпанияси томонидан 18 август, жума куни эълон қилинган Deutschlandtrend ва Morgenmagazin сўровлари натижаларидан келиб чиқади.
Ушбу натижаларга кўра, немисларнинг атиги 36 фоизи Киевга Taurus ракеталарини етказиб беришга рози, респондентларнинг яна 12 фоизи бу борада қатъий фикрга эга эмас. Украинага Taurus ракеталарини етказиб беришга қарши бўлганлар улуши айниқса шарқий федерал ерларда юқори (70 фоиз), ғарбий ерларда эса 47 фоиз қарши, 40 фоиз эса буни маъқуллаган.
«Яшиллар» тарафдорлари - Taurus’ни етказиб беришнинг энг фаол тарафдорлари
Сиёсий симпатиялар бўйича, Киевга Taurus ракеталарининг етказилишига қарши бўлганларнинг аксарияти – 76 фоизи «Германия учун муқобиллик» (ГуМ) ўнг қанот популистик партияси электорати орасида. Аммо «яшиллар» ва эркин демократлар тарафдорлари орасида бундай таъминотни ёқлаганлар устунлик қилмоқда (мос равишда 68 ва 56 фоиз).
Украина узоқ вақтдан бери Германия ҳукуматидан қанотли ракеталар етказиб беришни сўраб келади. Германия канцлери Олаф Шолц ўтган ҳафта охирида бу масала бўйича эҳтиёткорлик билан гапирди ва унинг ҳукумати Германия қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида аниқ қарор қабул қилишдан олдин бу масалани синчиклаб ўрганишда давом этишини таъкидлади.