Ўзбекистон | 09:20 / 22.08.2023
3386
2 дақиқада ўқилади

Боку шаҳрида Ўзбекистон-Озарбойжон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Форумда нефть ва газ, кимё ва тоғ-кон саноатлари, фармацевтика маҳсулотлари ва маиший техникани ишлаб чиқариш соҳаларида йирик савдо шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланди.

Фото: gov.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжонга давлат ташрифи арафасида, 21 август куни Боку шаҳрида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, 250 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Озарбойжон Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ҳамраислик қилди.

Тадбирда қайд қилинишича, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 6 баробарга, жорий йил бошидан эса яна 40 фоизга ошди. Икки давлат раҳбарлари томонидан бошқа чоралар билан бир қаторда фармацевтика ва нефть-кимё маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, полимерлар ва тоғ-кон саноати маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилганлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбойжон капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Айни пайтда автомобиль ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Озарбойжонда пахта-тўқимачилик ва ипакчилик кластерларини ташкил қилиш, Ўзбекистонда қурилиш материаллари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни бошлаб юборилган.

Форум якунлари бўйича нефть ва газ, кимё ва тоғ-кон саноатлари, фармацевтика маҳсулотлари ва маиший техникани ишлаб чиқариш соҳаларида йирик савдо шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22−23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбойжонда бўлади.

Мавзуга оид