Ўзбекистон | 17:02 / 22.08.2023
27972
3 дақиқада ўқилади

ФВВ автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари бўйича муҳим қоидаларни эслатди

Автомобиль газбаллони нима учун портлайди? Бунинг олдини олиш мумкинми? Газ баллонларини ишлатиш билан боғлиқ хавфсизлик техникаси қандай?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ҳар йили автомашиналарга ўрнатилган газбаллонлар портлаши оқибатида ўнлаб бахтсиз ҳодисалар рўй бермоқда. Афсуски, кўпчилик ҳайдовчилар газбаллонидан фойдаланиш билан боғлиқ хавфсизлик қоидаларига риоя этмаяпти. Хўш, автомобиль газбаллони нима учун портлайди? Бунинг олдини олиш мумкинми?

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) автомобилга ўрнатилган газбаллони портлашига сабаб бўлувчи омиллар, уларни бартараф этиш ва транспортда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди.

Қуйидаги омиллар транспортга ўрнатилган газбаллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини белгилаб беувчи асосий мезонлар ҳисобланади:

Фойдаланиш муддати. Ишлаб чиқарувчилар томонидан газбаллонларининг фойдаланиш муддати 15 йил қилиб белгиланган. Аммо, уни сақлаш ва эксплуатация шароитининг оғирлигига қараб бу муддат камайиши мумкин.

Даврийлик цикли. Мазкур кўрсаткич газбаллонига бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Даврийлик цикли ишлаб чиқарувчилар томонидан йилига мингта қилиб белгиланган. Бироқ, амалиётда айрим ҳайдовчилар газбаллонига йилига икки минг маротабадан ҳам кўпроқ газ қуяди. Бу ҳам газбаллонининг «умрини қисқартиради».

Босим. газбаллонидаги босим 20 мегапаскалдан ошиб кетмаслиги керак. Афсуски, аксарият ҳайдовчилар узоқроқ йўл босиш мақсадида кўпроқ босим остида газ қуйишга ҳаракат қилишади. Бунинг оқибати эса аянчли якун топиши мумкин.

Техник кўрик. газбаллонлари ҳар йили камида бир маротаба юқори босим остида синовдан ўтказилиши керак. Бу газбаллони деворларининг мустаҳкамлигини, ташқи ҳамда ички деформацияга учрамаганлигини аниқлаш ва яна бир йил фойдаланиш учун ишонч ҳосил қилиш имконини беради. Шунингдек, баллондаги газ чўкмалари ҳамда бошқа чиқиндилар тозаланиб, ювилади.

Афсуски, кўпчилик ҳайдовчилар газбаллонини синовдан ўтказишдан қочади. Оқибатда газбаллони йиллар давомида синовдан ўтказилмасдан қолиб кетади. Баллон маҳкамланган конструкциялардаги ҳимоя резиналари шикастланади, темир конструкциялар ва ташқи муҳит таъсирида баллонда деформация бошланади, газ чўкмалари таъсирида ички емирилиш кучаяди ҳамда охир-оқибат газбаллони портлаши мумкин.

Сифат. 2018 йил февраль ойидан буён Ўзбекистонда СПГ-2 турдаги (капрон) газбаллони фойдаланишдан чиқарилган. Бунга мазкур газбаллонларининг мустаҳкамлиги етарли даражада эмаслиги ва фойдаланиш муддатининг камлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо, ҳозир ҳам «капрон» композит қопламали газбаллонларидан фойдаланиш ҳолатлари учраб туради. Бундан ташқари, баллон юзасидаги композит қопламани олиб ташлаб, худди пўлат баллондек кўрсатиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу эса жуда хатарли.

Тўғри ўрнатиш. газбаллонлари фақат тегишли лицензияга эга мутахассислар томонидан ўрнатилиши лозим. Шунингдек, газ ускуналарининг стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши керак. Арзон ҳамда қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқади ва зарур ҳолларда ишламай қолади.

Юқоридаги мезонларга қатъий амал қилиш эса газбаллонининг хавфсизлигини, шунингдек, инсонлар ҳаёти ҳамда саломатлигини асрашни ҳам таъминлайди.

Мавзуга оид