Жаҳон | 08:27 / 24.08.2023
53021
3 дақиқада ўқилади

Пригожин самолётига ракета зарбаси берилдими – асосий тахминлар

Портлаш самолёт ичидами ёки ташқарисида (яъни ракета зарбаси оқибатида) содир бўлганми?

Фото: Видеодан кадр

23 август куни кечқурун Евгений Пригожинга тегишли самолёт Твер вилоятининг Куженкино қишлоғи яқинида қулаб тушди.

Ҳодисага гувоҳ бўлган маҳаллий аҳоли томонидан суратга олинган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Тасвирларда самолёт бошқарувни мутлақо йўқотгани ва бўлакланиб кетган ҳолда ерга қулаганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, камида битта двигатель ишлашда давом этгани эшитилади, самолёт тутунли из қолдиргани кўринади.

Буларнинг барчаси қулашдан олдин портлаш содир бўлганини аниқ кўрсатади, деб ёзди Meduza. Фақат битта савол қолади: портлаш самолёт ичидами ёки ташқарисида (яъни ракета зарбаси оқибатида) содир бўлганми?

«Росавиация» федерал ҳаво транспорти агентлиги вакиллари аллақачон гўё самолёт «портлатилгани», яъни, уриб туширилмаганини айтишмоқда. Бошқа манбаларга кўра, барча вариантлар кўриб чиқилмоқда.

Самолёт ичидан портлатилгани ҳақидаги тахминга қарши далиллар мавжуд:

- Видеолардан бирида зенит-ракетасининг инверсион изига ўхшаш булут кўринади;

- Видеода гувоҳлар самолёт қулашидан олдин иккита портлаш бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Одатда, битта нишонга қарши иккита ракетани учириш амалиётда кенг қўлланилади ва нишонни йўқ қилиш эҳтимолини оширади.

- Самолётнинг баъзи бўлакларида зенит-ракета каллаги изларига ўхшаш тешиклар кўринади. Аммо тасвирнинг сифати паст, шунинг учун изларнинг табиатини аниқ баҳолаш иложсиз. Самолётдан алоҳида қулаб тушган бўлакларда ҳеч қандай из йўқ.

Самолёт ичидан портлатилгани ҳақидаги тахминни қўллаб-қувватловчи далиллар ҳам бор:

- Flightradar24 маълумотларига кўра, самолёт қулашдан олдин 28 минг фут (8,5 километрдан ортиқ) баландликка кўтарилган. Бундай баландликда ҳар қандай мудофаа тизими ҳам самолётни уриб тушира олмайди. Жумладан, кўчма зенит-ракета тизимлари (назарий жиҳатдан қўпорувчилар ундан фойдаланиши мумкин эди) ва ҳатто барча қисқа масофали ҳаво мудофаа тизимлари ҳам бунга қодир эмас. Ҳеч бўлмаганда ўрта масофага мўлжалланган комплекс (масалан, «Бук») талаб қилинади, у самолёт учадиган ҳаво трассасига яқин жойлашган бўлиши керак.

- Бундай комплексларнинг ракеталари самолётга жиддий зарар етказади. 70 килограммлик жанговар каллак 7 мингта майда элементга эга бўлади. Унинг зарбаси оқибатида бундай ўлчамдаги самолёт майдаланиб кетиши керак эди.

Портлаш сабаблари ҳақидаги савол сиёсий жиҳатдан муҳим. Агар самолёт барибир зенит-ракетаси билан уриб туширилган бўлса, унда Россия хавфсизлик кучларининг бунда «қўли борлиги» ҳақида гапириш мумкин. «Бортдаги портлаш» деярли ҳар қандай версияга имкон беради (аммо Россия расмийларининг эҳтимолий аралашувини истисно қилмайди).

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) қоидаларига кўра, ҳалокат маҳаллий ваколатли орган (Россияда - Халқаро авиация қўмитаси) томонидан самолётни ишлаб чиқарган Embraer S.A (Бразилия) компанияси иштирокида текширилиши керак.

Мавзуга оид