Ўзбекистон | 09:16 / 25.08.2023
5630
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда 1137 та янги автобус йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди

Президент қарори ва дастурларга мувофиқ республика бўйича жами 2 мингта автобус харид қилиниши белгиланган.

Фото: Kun.uz

Автомобиль транспортида йўловчи ташувчи 2570 та тадбиркорлик субъектлари ва 110983 нафар жисмоний шахс томонидан 186244 та автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш хизматлари кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 3928 та йўналиш мавжуд бўлиб, шундан 3176 таси фаолият кўрсатаётган бўлса, 750 та йўналиш талабгор йўқлиги боис тўхтатилган.

Аҳолига жамоат транспорти хизматларини кўрсатиб келаётган ташувчиларнинг тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023 йил январь-июль ойларида ҳудудларда норентабель бўлган шаҳар атрофи ва вилоят ичи шаҳарлараро автобус йўналишларида кўрган зарари ўрнини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 7,2 млрд сўм субсидия ажратилган.

Шунингдек, шаҳар йўналишларида фуқароларнинг айрим тоифаларининг бепул ташилиши оқибатида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш, шаҳар йўловчи транспортида чекланган тарифлар натижасида кўрилган зарар бўйича жами 2,7 млрд сўм қоплаб берилган.

Президент қарори ва дастурларга мувофиқ республика бўйича жами 2 мингта автобус харид қилиниши белгиланган бўлиб, 1 август ҳолатига 1137 та янги автобус (Тошкент шаҳри 1 мингта, ҳудудлар 137 та) келтирилиб, йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилган.

Мавзуга оид