Жаҳон | 22:37 / 25.08.2023
62999
6 дақиқада ўқилади

«Менга кўпроқ олтин керак». WSJ Пригожиннинг сўнгги кунлари ҳақида ҳикоя қилди

У бу кунларни Африкада ўтказган.

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

Евгений Пригожин Твер областида авиаҳалокатга учрашидан олдинги кунларда Африка бўйлаб саёҳат қилган ва муваффақиятсиз исёндан кейинги келажагини режалаштирган. Бу ҳақда The Wall Street Journal парвоз маълумотлари ҳамда ёлланма жангчилар ва африкалик мулозимлар орасидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Пригожин тузилмалари камида 2018 йилдан буён Африканинг ўн давлатида фаолият юритиб келади. Қитъанинг турли ҳудудлари бўйлаб «Вагнер» ХҲКнинг беш мингга яқин ёлланма жангчиси жойлаштирилган. Бизнесменнинг компанияси Африка давлатлари етакчиларига қўриқлаш хизмати тақдим этади, қуроллар етказиб беради ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш ва қазиб олиш ҳуқуқи эвазига сиёсий маслаҳатлар бериш билан шуғулланади.

Ғарбдаги ва Африкадаги мулозимларга кўра, Пригожиннинг асосий даромади Судан олтинини Россияга экспорт қилишдан, шунингдек Марказий Африка Республикасидаги олмос ва ёғочни Бирлашган Араб Амирликларига етказиб беришдан ҳам катта пул ишлаган. The Financial Times Пригожиннинг Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги табиий ресурсларни қазиб олишдан кўрадиган даромадини 250 миллион долларга баҳолаган.

Ёлланма жангчиларнинг июн ойида Москва томон уюштирган «марши» якунланмай тўхтагач, Кремл Пригожинга Беларусга «кетиш»ни таклиф қилганди. Қўшни мамлакат ҳудудига аввал Украинада жанг қилиб келган вагнерчиларнинг бир қисми жойлашди. Аммо гуруҳ раҳбарининг ўзи Африкадаги таъсирини тиклаш ва кенгайтириш учун ушбу қитъага йўл олди. Пригожин ўзининг сўнгги видеомурожаатини ҳам айнан Африкада ёзганди ва «Вагнер» ХҲК Россияни «барча қитъаларда буюк қилишга киришиши, Африкани эса янада эркин қилиши»ни айтганди. 

Шу билан бирга, WSJ нашри ёзишича, Кремл Пригожиннинг кенгайиб бораётган корпоратив тармоғи устидан расмий назорат ўрнатишга киришган, чунки «унинг амбициялари Владимир Путин учун қулай бўлган даражадан ошиб кетганди». РФ мудофаа вазирлиги Африкага делегациялар юбориб, ушбу ҳудуддаги давлатлар ҳукуматларини бундан буён Пригожин билан эмас, балки Россия давлати билан тўғридан тўғри ишлаши кераклиги ҳақида хабардор қила бошлаган.

Тахминларга кўра, бу назорат ГРУ ва генерал Андрей Аверьянов томонидан амалга оширилади — Александр Мишкин ва Анатолий Чепига ҳам унинг бўлинмасида хизмат қилади, улар аслида Александр Петров ва Руслан Боширов бўлиб, бир неча йиллар олдин Сергей Скрипални заҳарлашда гумонланиб тилга тушганди.

WSJ манбаларининг сўзларига кўра, 18 август куни Пригожиннинг хусусий самолёти МАР пойтахти Бангига қўнган. ХҲК раҳбари ушбу мамлакат президенти Фостен-Арканж Туадеранинг саройида у билан учрашиб, уни ўзи билан ҳамкорликни давом эттиришга кўндиришга уринган. Пригожин унинг Россияда муваффақиятсизликка учраган исёни Марказий Африкадаги ишбилармон ҳамкорлар учун янги ёлланма жангчилар ва инвестициялар жалб қилишига тўсқинлик қилмаслигини билдирган.

Аммо, нашр суҳбатдошларининг тасдиқлашича, Владимир Путин июл ойи охиридаёқ, Петербургдаги «Россия — Африка» саммити вақтида Туадерага Пригожиндан узоқлашиш вақти келганини уқтирганди.

«Вагнер» ХҲК раҳбари Петербургдаги Trezzini Palace меҳмонхонасида ўтказилган форумда қатнашишга ҳаракат қилади, аммо, катта эҳтимол билан, Африка етакчилари томонидан игнор қилинади ва у африкалик сиёсатчилар билан бирга суратларга туша олмайди. Тадбирларда Путин билан бирга Андрей Аверьянов қатнашади.

19 август куни Пригожиннинг Бангидаги қароргоҳига Суданнинг Дарфур провинциясидан «Вагнер» вертолётида Тезкор реакция кучларининг беш командири ташриф буюради — ҳарбийлашган бу гуруҳ россиялик ёлланма жангчиларга таянган ҳолда Судан ҳукуматига қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқда. Ҳарбийлар вагнерчилар раҳбарига олдинроқ етказиб берилган «ер-ҳаво» типидаги ракеталар учун тўлов сифатида олтин солинган қутиларни келтиришганди. WSJ манбаларига кўра, Пригожин қутиларга қараган ҳолда шундай деган: «Менга кўпроқ олтин керак».

МАРга ташрифдан кейин Пригожин Мали пойтахти Бамакода ҳам бир муддат тўхтайди. Бу ерда у нима билан машғул бўлгани аниқ  эмас.

Худди шу куни, 22 августда Ливияга РФ мудофаа вазири Юнус-Бек Евкуров бошчилигидаги россияликлар делегацияси келганди. Уларни Ливия ҳарбий қўмондони Халифа Ҳафтар таклиф этганди, у аввалроқ мамлакатдаги нефт қудуқлари  хавфсизлигини таъминлаш учун Пригожиннинг хизматларидан фойдаланган.

Пригожин исён бошлаб, Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллаб олганида айнан Евкуровни камситиб, суҳбат қилганди.

Пригожиннинг исёни Ҳафтарнинг атрофидагиларни «Вагнер» ХҲКнинг Ливияда бўлиши борасида қаттиқ асабийлашишга мажбур қилган, деган журналистларга хавфсизлик соҳасидаги Libya Desk номли консалтинг фирма бошқарувчи директори Муҳаммад Элярх. «Улар агар бу ишни Россияда қилган бўлса, Бинғозида ҳам қила олишини ҳис қилишарди», — деган у.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, энди Ливияда Россия разведкаси зобитлари томонидан бошқариладиган янги хусусий ҳарбий компания пайдо бўлади. Аммо унинг таркибидаги жангчилар ўзгармайди — таркиб асосан вагнерчилардан иборат бўлади.

Ливия хавфсизлик хизмати вакили WSJ нашрига, Россия энди ҳамкорлик икки армия даражасида амалга оширилиши ҳақида сигнал юбораётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Евкуров Ҳафтарга шундай деган: «Путин менга Ливия биз учун жуда муҳимлигини айтди. Бу биз ташриф буюрган биринчи „Вагнер“ мамлакати».

Мавзуга оид