Болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ ходимлари тақдирланди
Болалар миллий тиббиёт марказининг ўз соҳасида катта ютуқларга эришиб келаётган бир гуруҳ ходимлари вазирлик кўкрак нишони ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Мукофотлар 26 август куни миллий тиббиёт марказида ўтган тадбирда топширилди. Тадбирни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов очиб берди.
Унинг таъкидлашича, 130 миллион доллардан зиёд маблағ ҳисобига Жанубий Корея Республикаси кўмагида барпо этилган ушбу марказ тўлиқ замонавий тиббий жиҳозлар, шу жумладан, магнит резонанс томография, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Марказда самарали фаолияти юритиш учун 100 дан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб қайтган.
“Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этиш имконияти яратилган.
“Ушбу марказ юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёда ягона ушбу турдаги болалар тиббиёт муассасасидир. Бу ерда йилига 3 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 20 май куни Болалар миллий маркази билан танишар эканлар “Бу марказ – миллий бойлигимиз. Бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни ташкиллаштириш керак, – деган эди.
Болалар миллий тиббиёт марказида ўтган давр мобайнида бирмунча амалий тадбирлар, янги жарроҳлик ва даволаш амалиётлари йўлга қўйилишига эришилди.
2023 йилнинг ўтган даврида болаларда илк бор умуртқа поғонаси қийшиқлиги (сколиоз) касаллигининг радикал коррекцияси амалиёти йўлга қўйилиб, 30 га яқин болаларда ушбу амалиётлар ўтказилиб, соғломлаштирилди. Ушбу амалиёт амалга оширилиши валютанинг чет элга чиқиб кетиши, энг асосийси аҳолимизнинг чет давлатларда сарсон бўлишининг олдини олишга ҳамда хорижий стандартларнинг Ўзбекистонга кириб келишига эришилди.
Ваҳоланки, бугунги кунга қадар мазкур амалиётлар болалар фонди орқали Туркия ва Ҳиндистон давлатларида 20-25 минг АҚШ доллари эвазига амалга оширилиб келинган”, – деди вазир.
Амрилло Иноятовнинг маълумот беришича, 2023 йил давомида марказда биринчи марта болаларда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти маҳаллий мутахассислар иштирокида амалга оширилган.
Шунингдек, сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган болаларда ҳафтасига 3-4 мартагача бир неча соатлаб гемодиализ аппаратига уланган ҳолда ҳар қандай мураккаб асоратлар кузатилиш хавфи юқори бўлган, катта харажатли амалиёт бажарилар эди. Мазкур амалиётни ўз вақтида кечиктирмасдан амалга ошириш натижасида бюджет маблағлари тежалишига ҳамда ушбу амалиётга муҳтож бўлган болаларнинг тўлиқ соғломлаштирилишига эришилган.
“Жорий йил июль ойида Ўзбекистонда биринчи маротаба қон раки (оққон) касаллиги бўлган болаларда суяк кўмиги аутотрансплантацияси амалиёти Ҳиндистон ва Беларус давлатларидан келган мутахассислар билан ҳамкорликда муваффақиятли амалга оширилди.
Марказда амалга оширилган ушбу амалиётга бор-йўғи 10 минг АҚШ доллари сарфланди. Ваҳоланки, мазкур амалиёт ҳозирги кунда чет мамлакатларда, жумладан, Туркия ва Беларус давлатларида 120-170 минг АҚШ доллари эвазига амалга оширилишини инобатга олсак, марказда ушбу амалиётнинг йўлга қўйилиши мамлакатимиз тиббиёт соҳасида эришилган катта ютуқлардан бири ҳисобланади.
Суяк кўмиги аутотрансплантацияси амалиётини йилига 70 тагача етказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон тарихида илк бор жорий йилда Нукус шаҳрида бир кунлик чақалоқда марказ мутахассислари иштирокида туғма нуқсон ҳисобланган экстрофия ва эписпадия комплекс касаллигининг жарроҳлик даволаш амалиёти ўтказилди.
2022 йил давомида 1000 га яқин, жорий йилнинг ўтган даврида 1200 та кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган. Шунингдек, Рентгенэндоваскуляр йўналиш бўйича 1 ойда 87 та амалиёт ўтказилиб, МДҲ давлатлари ўртасида энг юқори кўрсаткичга эришган бўлса, жорий йил июль ойида мазкур амалиётлар сони 100 тага етказилиб, ўз рекордини янгилагани, албатта, қувонарли кўрсаткич деб ўйлайман.
Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар натижасида Қашқадарё ва Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари таркибида марказ филиали сифатида болалар кардиохирургия бўлимлари ташкил қилиниб, жорий йил давомида 20 дан ортиқ беморларда кардиожарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Жорий йилда марказнинг Урологик ва пластик хирурглардан иборат жамоасининг чет давлатлар билан ўзаро алоқалари натижасида мутахассисларнинг малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига бориб, марказ мутахассислари томонидан жарроҳлик амалиётлар ўтказилиши йўлга қўйилган, шунингдек, ушбу давлатлардан мутахассислар келиб Республика болалар миллий марказида ўз билим кўникмаларини оширмоқда.
Марказда хорижлик мутахассисларнинг малака оширишларини йўлга қўйиш ҳисобига жорий йил давомида 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ марказ хазнасига кирим қилинишига эришилди.
Марказнинг жорий йил апрель ойида кредитор ва дебитор қарздорлиги 18 млрд сўмни ташкил этиб, молиялаштириш тўғри йўлга қўйилиши натижасида 25 август ҳолатига 13 млрд сўм қарздорлик бартараф этилди.
Шунингдек, марказда кичик тиббий ходимларининг ойлик маошлари 2022 йилда 1,2-1,5 млн сўмдан жорий йилнинг шу даврида 2,4-3 млн сўмгача, ўрта тиббий ходимларининг маошлари 2-3 млндан 5-12 млн сўмгача, шифокорларнинг ойлик маошлари 2-7 млндан 15-50 млн сўмгача оширилишига эришилди”, – деди соғлиқни сақлаш вазири.
Амрилло Иноятов нутқи якунида шунингдек, йил якунига қадар Болалар миллий тиббиёт марказида амалга ошириладиган режалар тўғрисида ҳам маълумот берди.
Унга кўра,
1. Эпилепсия касаллиги бўлган беморларга ЧИП (ВНС) ўрнатиш амалиётини Ўзбекистонда илк бор август ойининг 26-27 кунлари италиялик шифокорлар гуруҳи билан ҳамкорликда бажариш режалаштирилган.
2. Мононуклеар (ген инженерияси йўли билан олинган) препаратлар ёрдамида гломерулонефритнинг радикал давоси йўлга қўйилади.
3. Жорий йил якунига қадар чет давлатлари мутахассислари билан ҳамкорликда болаларда илк бор жигар трансплантацияси бажарилиши режалаштирилган.
4. Суяк кўмигини аллотрансплантация йўли билан кўчириб ўтказишни Германия мутахассислари билан ҳамкорликда йўлга қўйиш йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилди (350 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий грант ўзлаштирилади).
5. Бухоро болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида болалар кардиохирургия бўлимларини ҳамкорликда очиш режалаштирилган.
Шундан сўнг Болалар миллий тиббиёт марказининг ўз соҳасида ютуқларга эришиб келаётган бир гуруҳ ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўкрак нишон ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Мавзуга оид
11:38 / 20.11.2024
Ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш мўлжалланмоқда
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
22:31 / 17.10.2024
Саида Мирзиёева соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш лойиҳаси билан танишди
22:28 / 25.09.2024