Жаҳон | 14:40 / 28.08.2023
19580
5 дақиқада ўқилади

Киев областига ракеталар, Курскка дронлар ҳужум қилди. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 550-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ Тергов қўмитасига кўра, экспертиза Евгений Пригожин 23 август куни Твер областида қулаган самолёт бортида бўлганини тасдиқлаган.
  • Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари яриморол чегараларига яқинлашгандагина, «Қрим ҳудудида Россияни демилитаризация қилиш учун сиёсий дастак пайдо бўлиши»ни айтди. У шунингдек уруш Россия ҳудудига ўтмаслиги кераклиги, чунки бу ҳолатда «украинлар ёлғиз [иттифоқчилар кўмагисиз] қолиши хавфи юзага келиши»ни қўшимча қилган.
  • Америкалик ҳарбийлар Украина қўмондонлигининг Россия қўшинлари ҳужуми хавфи туфайли Харкив областидаги Купянск йўналиши мудофаасини кучайтириш бўйича қарорига қўшилмайди. The New York Times маълумотига кўра, Пентагондагилар Украина ҚК асосий қўшинларини Россия мудофаасини ёриб ўтиш учун жанубда тўплаши керак деб ҳисобламоқда.
  • Буюк Британия мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Россия ва Украина Қрим ва Одесса ўртасида Қора денгиздаги газ ва нефт платформалари учун жанг олиб бормоқда. Бошқа манбалар бу ҳақда хабар бермаган.

Киев областига тунги зарба

27 августга ўтар кечаси Россия қўшини Киев областини ўққа тутди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари барча ракеталарни уриб туширишга муваффақ бўлган, аммо парчалар Киевдан тахминан 40 километр жануби-ғарбдаги Руликов қишлоғида ўнта турар жой биносига шикаст етказган. Шунингдек, ҳужум вақтида тинч аҳоли вакилларидан икки киши яраланган.

Россияликлар ракетаси парчаларидан шикастланган уйлардан бири
Yan Dobronosov / Reuters / Scanpix / LETA
Руликов қишлоғида яшовчи киши россияликлар ракетаси парчаси тушиши оқибатида деразалар синиб кетган квартираси ётоқхонасида
Cathal McNaughton / EPA / Scanpix / LETA
Руликов қишлоғида россияликлар ракета зарбаси вақтида вайрон бўлган уй
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Руликов аҳолиси вакили вайрон бўлган уйидан нарсаларини олиб чиқмоқда
Danylo Antoniuk / Global Images Ukraine / Getty Images

Киевда Мариупол қамалида асир тушганларни қўллаб ўтказилган акция 

Мариуполдаги чегарачиларнинг қариндошлари Киевдаги Мустақиллик майдонида тинч акция уюштиришди, улар бу орқали қарийб 500 кундан буён Россия асирлигида қолаётган Украина ҳимоячиларининг (уларнинг сони аниқ эмас) ҳолатига эътибор қаратишни мақсад қилган — РФ армияси 2022 йил майида, уч ойлик қамалдан кейин Мариуполни эгаллаганида минглаб украин аскарлари асирга тушганди. «Украинская правда» хабарига кўра, Киевдаги акцияда 200 га яқин киши иштирок этган.
Bram Janssen / AP / Scanpix / LETA

Курскка дронлар ҳужуми оқибатлари

27 августга ўтар кечаси Курск дронлар ҳужумига йўлиқди. Россия расмийларига кўра, дронлардан бири Карл Маркс кўчасида, иккита ҳарбий объектдан 300 метр масофадаги кўп квартирали уйга келиб урилган. Жабрланганлар йўқ.

Кейинроқ «РБК-Украина» Украина хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб, ҳужум нишони ҳарбий аэродром бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронларнинг деярли барчаси ўз нишонларига етиб борган — тўртта Су-30 самолёти, биттадан МИГ-29, С-300 комплекси радари ҳамда иккита «Панцирь» зенит-ракета комплекси. Манба жами қанча дрон учирилгани юзасидан аниқлик киритмаган, фақат дастлабки маълумотларга кўра дронлардан фақат учтаси уриб туширилганини билдирган.

Россия томони Курск областидаги қандайдир объектларга зарба берилгани ҳақида маълум қилмаган. Аэродромга ҳужум қилингани акс этган видеолар ҳам йўқ.

Курскда дронлардан бири келиб урилган уйнинг кўриниши
Курск области губернатори Telegram-канали
Курск области губернатори Telegram-канали
Курск области губернатори Telegram-канали

Киев остонасидаги жанглар ҳақидаги хотиралар

 

Киевдан тахминан 30 километр шимоли-ғарбда жойлашган Мошчун қишлоғи учун жангларда ҳалок бўлган украин аскари портрети. 2022 йил март ойи бошида, Киев областидаги ҳужум вақтида Россия армияси, BBC маълумотларига кўра, Мошчун атрофида камида 21 нафар денгиз пиёдасидан айрилган.
Cathal McNaughton / EPA / Scanpix / LETA

 

Мошчундаги уй дарвозасида осколка парчалари тешиб ўтган жойлар ўрнида чизилган гуллар
Cathal McNaughton / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид