Жаҳон | 22:30 / 31.08.2023
9836
2 дақиқада ўқилади

Канадада юк машинаси қулади ва 5 миллион асалари «озодликка учиб чиқди» 

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида асалари уялари йўлга сочилди. 

Фото: Halton Police/Twitter

Канаданинг Онтарио штати, Берлингтон шаҳрида ғаройиб воқеа содир бўлди. Юк машинаси билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ўнлаб асалари уялари катта йўлга сочилиб кетди. Оқибатда беш миллион асалари «озодликка учиб чиқди». 

«Қутилар йўлга сочилди ва асалари тўдалари учиб чиқди», деди бу ҳақда полициячи Райан Андерсон. Қайд қилинишича, асаларилар воқеа жойига етиб борган илк одамларни чақишга улгурган. 

Полиция ҳайдовчиларни ушбу ҳудуддан ўтаётганда ойналарни беркитиб қўйиш ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали огоҳлантирган. Пиёдаларни эса бу ҳудудга умуман яқинлашмасликка чақирган. 

Воқеа жойига бир неча нафар асаларичи-мутахассис ёрдамга етиб келган. Натижада, беш миллион ҳашаротнинг аксарияти қутиларга қайтарилган. Қайтмаганлари учун ҳар эҳтимолга қарши баъзи уялар қолдирилган. 

Қайд қилинишича, Канадада 2008 йилда ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган ва 12 миллион асалари бўлган уялар юк машинасидан катта йўлга сочилган эди. 

2017 йилда АҚШ Калифорния штатида содир бўлган худди шундай бахтсиз ҳодиса оқибатида миллионлаб асалари нобуд бўлган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид