Судьяликка талабгорлар синовларда нега 0 балл олганига изоҳ берилди
Судьялар олий мактабининг Cудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларининг иншо босқичида тартиб-қоидаларга риоя этмаган 8 нафар талабгорга 0 балл қўйилган.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Cудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларида айрим талабгорларга 0 балл қўйилгани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Судьялар олий кенгаши ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Маълум қилинишича, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларини топшираётганлар, кўпгина хабарларда урғу берилаётгани каби судьяликка номзодлар эмас, балки талабгорлар ҳисобланади. Талабгор судьяликка номзод бўлиши учун кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, курс тингловчиси бўлиши ҳамда уни муваффақиятли битириши шарт.
“Шу босқичлардан ўтган мутахассисгина судьяликка номзод бўлиши мумкин. Бироқ шунда ҳам судьялик лавозими кафолатланмайди. Олдинда яна бир довон борки, энди номзод Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиладиган бўш судьялик лавозимлари учун очиқ танловда иштирок этиши керак. Очиқ танлов муқобиллик асосида ўтказилиб, муносибларгина судьялик лавозимига тайинланаётгани жамоатчиликка маълум.
Cудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларининг иншо босқичида 50 дан ортиқ мавзулар ичидан 3 таси талабгорлар томонидан ёпиқ конвертлар орасидан таваккалчилик асосида танлаб олинади. Танлаб олинган мавзулар бўйича ёзилган иншо дафтарларининг муқоваси олиниб, биринчи варағига махсус шифр қўйилган ҳолда (шу тариқа талабгорлар шахссизлантирилади, бундан мақсад холисликни таъминлаш, турли шубҳа ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдир) махсус баҳоловчи комиссияга топширилади. Талабгорлар иншо ёзилган дафтар варақларига (муқовасига эмас) ўз исми-шарифини ёзиши ёки бирор бир кўзга яққол ташланадиган белги қўйиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда 0 балл қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Кириш синовларининг айни шу босқичида 8 нафар талабгорга юқоридаги тартибларга риоя қилмагани учун 0 балл қўйилди”, дейилади Судьялар олий кенгаши изоҳида.
Қўшимча қилинишича, талабгордан бири иншо дафтарини топширмай, ўзи билан олиб кетган.
Мавзуга оид
11:05
«Изоляторлар тўлиб кетган» – Олий суд раиси судьялар қатъиятсизлигининг оқибатлари ҳақида
09:17 / 22.04.2024
Ҳиндистонда ўзбекистонлик мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади
15:50 / 09.09.2023
“Бизнинг халқ бефарқ эмас” – судлар ва судялар фаолияти ҳақида очиқ суҳбат
12:14 / 04.08.2023