Жаҳон | 08:18 / 04.09.2023
4531
2 дақиқада ўқилади

Эронда икки журналист аёл қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Журналистлар «фитна»да айбдор деб топилди. Уларнинг ҳар бири уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ улар бир ойдан камроқ муддатни ўташи керак бўлади. 

Фото: imago images/Konrad Zelazowski

Эрон пойтахти Теҳрон суди икки нафар эронлик журналист аёлни «фитна»да айбдор деб топиб, ҳар бирини уч йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шу билан бирга, «Ҳам Миҳан» газетасидан бўлган Элнас Муҳаммадий ва «Ҳафт-е Собҳ» газетаси ходими Негин Багери қамоқ муддатининг қирқдан бир қисмини ўташи керак, яъни улар бир ойдан камроқ муддат қамоқда бўлади. Бу ҳақда якшанба, 3 сентябр куни уларнинг адвокати хабар қилди.

Журналистларнинг қолган беш йили синов муддати бўлади. Айни пайтда улар, суд ҳукмига кўра, «касбий этика» курсларида қатнашади. Уларга Эронни тарк этиш тақиқланди. 

Элнас Муҳаммадий феврал ойида қўлга олинган эди. У бир ҳафта Теҳрондаги машҳур «Эвин» қамоқхонасида сақланди. Ўшанда унинг ушланиши сабаби ошкор этилмаган. Элнас Муҳаммадий ўтган йилнинг сентябридан бери ҳибсда қолаётган журналист Элаҳе Муҳаммадийнинг синглиси. Унинг ёш курд аёли Маҳса Аминийнинг дафн маросими ҳақидаги мақоласи бу қизнинг ўлими билан боғлиқ можаро дунё бўйлаб тарқалишига катта ҳисса қўшган. 

Эрондаги оммавий намойишлар 

Аминийнинг ўлими Эронда бир неча ойлик оммавий норозиликларга сабаб бўлди. 22 ёшли курд аёл ўтган йилнинг сентябр ойида Теҳронда рўмол ўраш қоидаларини бузгани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган эди. 

Намойишлар натижасида юзлаб одамлар, жумладан ўнлаб хавфсизлик ходимлари ҳалок бўлди. Минглаб намойишчилар «Исроил ва Ғарб томонидан уюштирилган тартибсизликка» алоқадорликда айбланиб қўлга олинган. Намойишлар бошланганидан бери 90 дан ортиқ журналист ҳам сўроқ қилинган ёки ушланган. 

Мавзуга оид