Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Марказий банкка ўтказилмоқда
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ташкилий тузилмаси АЖга ўзгартирилиб, ундаги давлат акциялари Марказий банкка ўтказилади. Шунингдек, валюта биржаси таъсисчилигида Миллий клиринг маркази ташкил этилмоқда.
“Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” давлат унитар корхонаси “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” акциядорлик жамиятига ўзгартирилади. Унинг устав капиталидаги давлат акциялари пакети Марказий банкка ўтказилади.
Бундан ташқари:
- 2025 йил 1 январдан давлат ва корпоратив қимматли қоғозларнинг ягона ҳисоби “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖда юритилади;
- 2028 йил 31 декабргача “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ, “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ ва “Тошкент” республика фонд биржаси” АЖ маблағларни мақсадли равишда уларни ривожлантиришга йўналтирган ҳолда дивидендларни ҳисоблаш ва тўлашдан озод қилинади.
“Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ таъсисчилигида “Миллий клиринг маркази” АЖ ташкил этилади.
Молиячи Отабек Бакиров Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг Марказий банкка ўтказилишига муносабат билдираркан, Марказий банк тўғрисидаги қонунга эътибор қаратди. Қонуннинг 6-моддасига кўра, МБ банкларнинг капиталларида ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас, бундан валюта биржасининг, шунингдек Марказий банкнинг фаолиятини таъминловчи ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг капиталларида иштирок этиши мустасно.
“Марказий банкка бундай ваколат берилиши иккинчи босқичдаги депозитарийлар ва депозитарийлар бозорини умумқабул қилинган тенденциялар ва стандартлардан четлатади”, – дея ёзди мутахассис.
Маълумот учун, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 21 майдаги қарори билан ташкил этилган. Унинг вазифаси Ўзбекистон Республикаси депозитарлик тизимида депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларни сақлаш, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ҳисобини юритиш ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминлашдир.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024