Ўзбекистон | 18:16 / 04.09.2023
12416
4 дақиқада ўқилади

Талабаларнинг Тошкентга қайтиши: улар қандай кутиб олинди?

Янги ўқув йили бошланиб, талабаларнинг қадрдон муаммоси бошпана топиш кун тартибига чиқади. Kun.uz пойтахтнинг айрим олийгоҳларига бориб, турар жой билан таъминлаш қандай ўтаётганини билиш учун талаба ва ота-оналар билан суҳбатлашди. Расмийлар 1-босқич талабалари ётоқхона билан тўлиқ таъминланишини айтмоқда.

Талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича вазиятни ўрганиш учун Kun.uz мухбирлари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва талабалар шаҳарчасида бўлди. Бу гал ўтган ва ундан олдинги йиллардагидек турнақатор навбатлар, қўлида кўрпа-ёстиғини кўтариб сарсон юрган талаба ва ота-оналар манзараси камайган. Вазият яхшиланиб, талабалар ётоқхонага жойлашиш учун навбатда туриб эмас, онлайн ариза бериш имконияти пайдо бўлган.

Бир неча йиллардан бери журналистлар ҳамда жамоатчилик вакиллари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан энг камида 1-босқич талабаларини ўқиш бошлангунча ётоқхона билан таъминлашни ҳал қилишни сўраб келарди. 

2023/2024 ўқув йилдан бошлаб mygov.uz тизими орқали 1-босқич талабалари ётоқхона учун ариза қолдириб, ўқув йили бошлангунча жойлашиб олишлари мумкин бўлди. Kun.uz мухбирлари бу тизим қанчалик ўзини оқлаганини билиш учун ота-оналар ва талабаларга микрофон тутди.

Аксар биринчи курслар ётоқхона учун онлайн ариза бериб, ётоқхонага жойлашган. Буни уларнинг ота-оналари ҳам тасдиқлади. Онлайн ариза бериш шаклидан хабардор бўлмаган ёки тушунмовчиликка дуч келган талабалар эса олийгоҳлар ёнида ташкил этилган штабларга мурожаат қилмоқда.

Маълум қилинишича, мандат жавоблари эълон қилинганидан кейин бу штаблар ётоқхонага онлайн жойлашишга ариза бериш ҳақида талабаларга смс хабарнома жўнатган. Бу ҳақда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети маънавият бўлими бошлиғи Мунис Хўжаев маълумот берди. Унинг айтишича, олийгоҳ томонидан жўнатилган хабарларга қарамай, айрим талабалар ётоқхонага ариза беришда тушунмовчиликларга дуч келган.

"Айрим талабалар ётоқхонага жойлашиш учун ариза юборган. Уларга йўлланма ҳам келган, лекин уни чиқариш имконига эга эмас. Ёки айримлар ҳали ариза топширишдан бехабар. Шундай пайтда штабдаги ходимлар улар учун ариза тўлдириб бериб, ётоқхонага жойлашиш учун йўлланмаларини олиб беряпти. Шуни айтишим керакки, аввало 1-босқич талабалари ётоқхона билан тўлиқ таъминланади, кейин эса бошқа курслар”, – дейди Хўжаев талабалар дуч келаётган муаммолар ҳақида.

Масъулдан қолган курсларни турар жой билан таъминлаш масаласи қандай ҳал қилинаётгани ҳақида ҳам сўрадик. Хўжаевнинг берган маълумотига кўра, 2-, 3- ва 4-курслар деканатга мурожаат қилиб, ижара хонадонлари ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Биз ёз давомида пойтахтдаги 2000га яқин ижара уйлар имкониятини ўргандик. Мана шу ижара хонадонларининг ҳар бирига 3-4 нафардан талабани жойлашни режа қилганмиз”, – дейди у.

Кейинги ўқув йилидан фақат 1-курслар эмас, юқори курс талабалари ҳам mygov.uz орқали ётоқхона учун ариза беришлари мумкин бўлади.

Айтиб ўтиш керакки, mygov.uz тизимидан талаба ёки ота-оналарнинг яхши хабардор эмаслиги, ётоқхона олишда кутиб қолишларга сабаб бўляпти. Чунки аризалар берилгандан кейин 2-3 иш кунида ариза берувчининг телефон рақамига маълумот келади. Ва кейин йўлланма берилади. Балки вазирлик кейинги йиллардан ётоқхона учун ариза беришни яна ҳам эртароқ бошлаши ва талабаларни тизимдан кўпроқ хабардор қилиш ҳаракатларини кўпайтирса, сарсонгарчиликлар яна ҳам қисқариши мумкин.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор ва монтаж усталари – Абдусалим Абдувоҳидов, Асрор Алмурадов, Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид