Ўзбекистон | 15:57 / 05.09.2023
81798
4 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда плита қулаши бўйича жиноят иши очилди. Воқеа жойидан репортаж

СамДУнинг Каттақўрғон филиалининг фаоллар залида шифтдаги бетон плитанинг қулагани ҳолати бўйича ЖКнинг 258-моддаси (Қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Каттақўрғон шаҳрида бўлди.

Аввало эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 6 нафар талаба жароҳат олган. 2008 йилда фойдаланишга топширилган бинода, воқеа рўй берган пайтда асосан 1-курс талабалари иштирокида мустақиллик дарси ўтказилаётган бўлган.

Фаоллар залини кўздан кечиришнинг иложи бўлмади. Маълум бўлишича, воқеа ортидан филиалга ваколатли ташкилотлар етиб борган ва хона муҳрланган. Зал 2-қаватда жойлашган бўлиб, 1-қават шифтининг плита қулаган жойида шифтга зиён етганини кўриш мумкин.

СамДУ Каттақўрғон филиали декан ўринбосари Абдуҳошим Зиятовнинг айтишича, 4 сентябр куни 1-курс талабалари иштирокида мустақиллик дарси ўтказилаётган бўлган. Тадбирда 150 дан ортиқ талаба, декан ва шаҳар ҳокимлиги вакили қатнашган. Бетон плита айнан минбар томонга тушган. Бетон кўчиш жараёнида қаттиқ товуш чиққан ва факултет декани ўзини четга олишга улгурган. Плита парчалари биринчи қаторда ўтирган айрим талабаларга жароҳат етказган.

“Айни вақтда икки нафар талабамиз Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволаняпти. Соғлиғи назорат остида, хавф-хатар ортда қолди”, – деди Зиятов.

Бетон плита қулаб тушиши оқибатида жароҳат олган икки нафар талаба қизнинг саломатлигини билиш мақсадида Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлдик.

Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳумоюн Ҳамроевнинг айтишича, воқеадан кейин бирлашмага мурожаат қилган талабаларнинг барчасига биринчи ёрдам кўрсатилган, улардан икки нафарининг соғлиғи шифокорлар назоратида.

“Иккиси ҳам ўрта оғир аҳволда, ҳуши ўзида ва саволларга равон жавоб бермоқда. Қизларда қўрқув ҳисси бўлгани сабаб кузатувга олинган. Воқеа ортида жабрланган барча талабалар билан психотерапевтик муолажалар олиб борилмоқда. Ҳеч бир талаба синиш жароҳатини олмаган”, – деди у.

Камера қаршисида интервю беришни истамаган бемор талабалар ва уларнинг яқинлари билан ҳам суҳбатлашдик. Улар саломатлигининг ҳолати юзасидан ортиқча шикояти йўқлигини билдирди.

Маълум бўлишича, фаоллар залида Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жамшид Носиров ҳам бўлган. Носиров воқеага гувоҳ бўлган инсон сифатида бетон плита ҳеч кимнинг устига тушмаганини айтиб берди. У меҳмон сифатида тадбирга таклиф қилинган ва минбарда сўзлаётган бўлган. Плита айнан у туриб кетган стол устига тушиб, столни яроқсиз аҳволга келтирган.

Масъулларга кўра, мазкур бино 2008 йилда қурилган бўлиб, унда йиллар давомида Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги академик лицей, кейинчалик 7-умумтаълим мактаби фаолият олиб борган. Бино 2021 йилда Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалига берилган. Шундан сўнг объектда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид