Ўзбекистон | 15:53 / 05.09.2023
14203
5 дақиқада ўқилади

Сиёсий тафаккур ва ўзгаришлар

Ўзбекистоннинг сиёсий тизими анча вақт ёпиқ бўлгани жамиятнинг сиёсий тафаккури ҳолатини ҳам белгилаб берди. Сиёсий тизим қанча узоқ очиқ ва шаффоф бўлса, жамиятнинг сиёсий маданияти ҳам шунчалик деталлашган, чуқур ва онгли бўлади.

Фото: Kun.uz

Дунёдаги барқарор демократияларни кузатар экансиз, бу давлатлардаги сиёсий қарашлар жуда турфа ва онгли эканини кўриш мумкин. Ўзбекистондаги сиёсий тафаккур ҳали бу ҳолатга етиб келмади.

Ҳар бир жамиятнинг сиёсий-психологик ҳолати бўлади. Демократик жамиятларда одамлар сиёсий мафкураларга кўра бўлинади, ўнглар ёки сўлларга мойиллигини доим англайди. Ўзбекистонда-чи? 2016 йилга қадар ўта ёпиқ бўлган бизнинг мамлакатимизда, сиёсий жараёнлар ва онг мутлақ музлатилган эди.

Ўзбекистон тарихида, давлат, яъни ҳокимият – жуда узоқ муддат халқдан алоҳида корпорация сифатида кўрилди. Айниқса, 2016 йилга қадар, ҳокимият жамият тафаккурини қўрқув билан бойитиш қобилиятини ўзининг энг устувор вазифаси деб билди. Барқарорлик шу усулда таъминланди. Натижада, ижтимоий фикрда “халқ-ҳокимият” дихотомияси шаклланди ва кристаллашди.

Шаклланиб бўлган демократик жамиятларда, инсонлар сиёсатчиларни уларнинг сиёсий қарашлари, сиёсий мойилликлари билан ўлчаса, Ўзбекистон жамиятида эса асосан “бу ҳокимият вакили” ва “бу ҳокимиятга қарши, мухолифат” деб соддалаштириш сақланиб қоляпти. Аслида, давлат бошқарувидаги шахслар, сиёсатчилар ҳеч қачон бир хил қарашда бўлмайди. Уларнинг сиёсий қарашлари, вазиятдан келиб чиқиб, сиёсий мотивлари ҳар доим турфа хил бўлади.

Ислоҳотлар – шаклланган тартибни ўзгартириш дегани. Шунинг учун, ислоҳотлар борасида, ҳокимият коридорларида, де-факто ҳар хил қараш ва кайфиятлар бўлиши табиий.

Назаримда, Ўзбекистон ҳокимияти атрофидаги шахсларда ҳам, ислоҳотлар борасида, учта йўналиш ёки қараш мавжуд. Либераллар – ислоҳотлар тарафдори бўлиб, улар ислоҳотлар орқали ҳаётий барқарор сиёсий тизим шаклланишини исташади, сиёсий тизим легитимликка асосланиши керак деб билишади.

Консерваторлар эса, аксинча, ўзгаришлар камроқ бўлишини, ёки қаттиқ назорат остида кечишини исташади. Қаттиқ назорат эса, ўзгаришларни моҳиятан ва шаклан нобуд қилади. Ўзбекистондаги сиёсий консерваторлар – бу 2016 йилга қадар даврга ориентир оладиган шахслар, гуруҳлар ва кучлар ҳисобланишади. Чунки уларнинг сиёсий қарашлари, зеҳнияти ўша даврда шаклланиб, мустаҳкамланди. Айниқса, хавфсизлик ва барқарорликни ўзларининг энг муҳим қадриятлари деб биладиган шахслар ва соҳа вакиллари энг ёпиқ консерваторлар ҳисобланишади.

Ўртадаги қатлам эса – комформистлар, конюнктурачилар. Улар қайси томоннинг қўли баланд келса, ўзларини шу томон қилиб кўрсатишади.

Ҳар қандай ҳокимият ичида манфаатлар кураши бўлиши табиий. Манфаатлар эса, дунёқараш билан талқин қилинади. Ҳудди шундай, бугунги Ўзбекистон ҳокимияти ичида ҳам, либераллар, консерваторлар ва комформистлар ўртасидаги зиддиятлар, курашлар бўлиши табиий.

Шу кунларда Ўзбекистон бошқарув институтларида маълум ўзгаришлар, ислоҳотлар кетмоқда. Президент администрациясида структурали ўзгаришлар бўлди. Конституцияга кўра, президент – давлат раҳбари, мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи ва йўналтирувчи асосий давлат институти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, президентнинг администрациясидаги ўзгаришлар давлат раҳбарининг самарадор фаолиятига таъсир қилувчи омил ҳисобланади.

Жумладан, Саида Мирзиёева президентнинг ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Буни жамоатчилик ҳар хил қабул қилди. Яқин ўтмишдаги хато ва нуқсонлар орқали вазиятни талқин қилиш – табиий ҳолат. Қолаверса, юқорида айтилганидек, давлатни яхлит ва халқдан ажраган корпорация сифатида кўриш зеҳнияти жуда юқори. Лекин сиёсий вазият ҳар доим анча мураккаброқ бўлади.

Айтиш керакки, ҳар бир сиёсатчи ёки давлат мулозимида бир қанча мотивлар кетма-кетлиги бўлади. Бошқа давлат мулозимлардан фарқли ўлароқ, Саида Мирзиёевада битта ўта муҳим мотив бўлиши аниқ. Бу ҳам бўлса, жорий президентнинг тарихий репутацияси, халқнинг иккинчи маъмуриятга нисбатан тарихий ишончини мустаҳкамлаш мотиви. Бошқа мулозимлар лавозимидан кетса, уларнинг ушбу маъмурият билан боғлиқ манфаатлари тугайди ёки пасаяди. Лекин президент яқинларининг масъулияти ва манфаатлари вақт ўтган сайин, аксинча, ошади.

Президентга доимий равишда мустақил ва муқобил маълумотларнинг кириши – бошқарувнинг самарадорлигини оширади. Бу маънода, бошқарувда турфа маълумотлар ва қарашларни кўплигини, турфа хиллигини таъминлаш – унинг ёрдамчиларига боғлиқ.

Яқинда АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президентига хат йўллади. Хатда Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистонда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглик борасидаги фаолияти жуда ижобий урғуланган. Ва Саида Мирзиёеванинг президент ёрдамчиси этиб тайинланиши, қайсидир маънода АҚШ президенти хатида урғуланган йўналиш, вектор янада юқорироқ давлат сиёсатига айланаётгани ифодаси сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.

Ўзбекистонда ахборот эркинлиги, сиёсий билимларни парваришлаш бўйича ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Жамият вазиятни ўта содда қолиплар орқали эмас, ўзининг манфаатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонни ҳуқуқий, ҳақиқатда демократик давлатга айлантириш борасидаги қадамлар билан ўлчаш малакасини ошириб бориши зарур.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид