Банклар ва бизнесга валюта операциялари бўйича чеклов киритилмоқда
Марказий банкнинг талаби билан, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар валюта операцияларини фақат асосий ҳисобварағи очилган банкда амалга ошира олади. Тадбиркорлар хорижий валюта сотиб олиш учун банкнинг тегишли тузилмасидан ижобий хулоса олиши керак бўлади. Банклар янги талабларни бажармаган тақдирда валюта биржасидаги иштироки чеклаб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрдан бошлаб тижорат банклари учун валюта операцияларига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда. Бу ҳақдаги қарор Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 15 сентябр кунги йиғилишида, сўнгра регулятор раҳбарияти томонидан қабул қилинган. Бу ҳақда банк соҳасидаги бир нечта мустақил манбаларига асосланиб, Gazeta.uz хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютани харид қилиш ва валюта операциялари билан боғлиқ операциялари эндиликда фақатгина уларнинг асосий ҳисобварағи очилган банклар томонидан амалга оширилиши талаб этилади.
Бундан ташқари, банкларга чет эл валютасини тадбиркорларга сотиш билан боғлиқ операциялар устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Тадбиркорларга хорижий валютани сотиш банкларнинг таркибий бўлинмалари – банклар раисларининг ўринбосарлари раҳбарлигидаги эксперт гуруҳлари хулосалари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, банкларга мижозларнинг асосий ҳисобварақларидаги миллий валютадаги маблағларини валюта конвертацияси мақсадида бошқа банклардаги иккиламчи ҳисобрақамларга ўтказиш ҳам тақиқланади.
Бундан ташқари, банкларга мижозлари бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа банкларда очилган иккиламчи махсус валюта ҳисобварақларини ёпиш чораларини кўриш топширилди. Бошқача айтганда, мижозлар бошқа банклардаги махсус ҳисобварақларини ёпиши, фақат битта ҳисобвараққа эга бўлиши, яъни конвертацияни фақат битта банк орқали амалга ошириши керак.
Қайд этилишича, сотиб олинган валютанинг мамлакат ичида бухгалтерия ҳисоби ва ҳаракатини юритиш мақсадида валюта айирбошлашда махсус валюта ҳисобварақларидан фойдаланилади. Махсус ҳисобварақда айирбошланган валюта импорт шартномаси бўйича тўловни амалга ошириш ёки конвертациядан кўзда тутилган бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин. Экспортдан ёки бошқа тушумлардан (устав, қарз) келадиган эркин валюта мижозларнинг жорий валюта ҳисобварақларига тушади.
Бундан ташқари, нашр манбасига кўра, қаноатлантирилган аризалар бўйича операцияларни валюта сотиб олинган кундан бошлаб 7 иш куни ичида якунлашга рухсат берилади. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, бу эндиликда банклар тадбиркорларнинг валюта сотиб олиш ҳақидаги аризаларини 7 кунгача муддатда кўриб чиқишларини англатиши мумкин. Яъни валюта сотиб олиш бўйича буюртма берилганидан кейин харидорларнинг ҳисобварақларига валюта маблағлари бир ҳафта ичида кирим қилиниши тахмин қилиняпти. Ҳозирда бу жараён тахминан бир кун давом этади.
Айни пайтда, Gazeta.uz'нинг бошқа бир манбаси регулятор топшириғининг бундай талқини тўғри эканига шубҳа билдирган, чунки валюта курслари ҳар куни ўзгаради, натижада тадбиркор томонидан валюта харидига буюртма берилган кундаги курс ва валютанинг тадбиркор ҳисобварағига кирим қилинган кундаги курс фарқ қилади. Унинг сўзларига кўра, гап, эҳтимол, мижознинг сотиб олган чет эл валютасидаги маблағлар унинг махсус валюта ҳисобварағига кирим қилинган пайтдан бошлаб 7 кун ичида фойдаланиш мажбурияти ҳақида кетаётган бўлиши мумкин (бундай бандлар айрим банк шартномаларида аллақачон мавжуд).
Айни вазиятда Марказий банк томонидан аниқ тушунтиришларга зарурат бор.
Хабарда айтилишича, барча тижорат банклари раҳбарлари янги талаблар бажарилмаган тақдирда, валюта операцияларини амалга оширишга чекловлар, шунингдек, банкларнинг Республика валюта биржасидаги савдоларда иштирок этишига чекловлар белгиланиши ҳақида огоҳлантирилган.
Маълумот учун, жорий йил бошидан буён сўмнинг асосий хорижий валюталарга нисбатан қадрсизланиши 8 фоизга етган. Таққослаш учун, ўтган йили сўм девалвацияси 4 фоизга етмаганди. Йил бошидан буён, шунингдек, олтин-валюта захиралари 3,1 млрд долларга камайган.
Мавзуга оид
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024
«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида
19:37 / 31.10.2024