Геосиёсий интриганинг янги босқичи: Жанубий Кавказда нималар бўляпти?
Россия пропагандаси Москвадан юз ўгирган Арманистонга қарши “янги фронт” очди. Ереван НАТОга яқинлашиш асносида, АҚШдан Қорабоғ бўйича илиқ муносабат умид қилаётгандек кўринмоқда. Айни пайтда, Озарбойжоннинг бутун туркий дунё, Европа ва Хитой манфаатига ишлайдиган Зангезур коридорини куч билан бўлса-да очиш даъвосига жавобан, Эрон бунга рози бўлмаслигини билдирди.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури Жанубий Кавказда рўй бераётган трансформация жараёнларини сиёсатшунослар Суҳроб Бўронов ва Камолиддин Раббимов иштирокида таҳлил қилди.
— Қорабоғ можаролари 2020 йилдаги урушдан кейин якун топгандек эди. Лекин бугун яна жонланди, нафақат ҳарбий, балки дипломатик чиқишлар ҳам бўлиб турибди. Бу масаланинг кун тартибига чиқишига нималар сабаб бўлди?
Сухроб Бўронов: Жанубий Кавказ геостратегик жиҳатдан жаҳон сиёсатида муҳим рол ўйнайди. Иккинчи Қорабоғ уруши ва Россия-Украина урушидан сўнг ўзига хос трансформация жараёни бошланди бу ҳудудда. Бу трансформация Россиянинг минтақадаги заифлашуви билан белгиланади. Арманистон ўз ташқи сиёсат векторида Россиядан узоқлашиш йўлидан боряпти. Арманистон бош вазири ҳам яқинда берган интервюсида мамлакатнинг ташқи сиёсат асосий вектори Россия бўлганини хато бўлган, деди.
Бунинг устига Арманистон КХШТдан вакилини чақириб олди. АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказишни келишиб ҳам олди. Бундан ташқари, Халқаро жиноий суднинг ҳужжатларини ратификация қилиш учун парламентга юборди. Умуман, Арманистон ташқи сиёсатда векторларини кескин ўзгартиряпти. Шу омиллар ҳам конфликтларга қайсидир маънода сабаб бўляпти дейиш мумкин.
Камолиддин Раббимов: Қорабоғдаги президентлик сайловини дунё давлатлари, шунингдек, Россия ҳам тан олмади. Лекин сайловнинг ўтиши янги геосиёсий ўйин бошланганини билдиради. 40 кунлик урушда Арманистоннинг ютқазиши Еревандаги элита томонидан жуда оғриқли қабул қилинган эди. Бундан кейин минтақавий қудратли кучлар бўлмиш Туркия, Хитой ва Россия иштирокида Қорабоғни берамиз, деган тафаккур уйғонганди. Аммо бугун уларда янги бир умид пайдо бўляпти. Сухроб айтганидек, Россиядан узоқлашяпти, чунки кучли аразлаган. Ўша вақтда Россия ҳукумати ҳам аралашмади ва Қорабоғ Озарбойжонга тегишли деб тан олди. Балки Арманистон Қорабоғ масаласида коллектив Ғарбдан қандайдир умид қилаётгандир. Лекин менимча, бунинг иложи йўқ. Чунки асосий ўйинчи бўлмиш АҚШ сайловни мутлақ тан олмади ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Агар тан олса, АҚШ ва коллектив Ғарб учун зиддиятли вазиятлар кўпайиб кетади.
— Россия Арманистондаги таъсирини тўлақонли йўқотди, дейишимиз мумкинми?
Камолиддин Раббимов: Менимча, Россия таъсирини йўқотди. Пашинян ҳокимиятга кўча тўнтариши билан келди ва Путинга яқин бўлган сиёсий элитани ҳокимиятдан йиқитди. Россия пропагандаси ҳам уни Ғарбнинг одами деб талқин қилади. Қорабоғ масаласида Путин Арманистонни қўлламагани учун совуқчилик янада кучайди. Умуман, Россия битта Арманистон учун бутун туркий давлатларга, Хитой манфаатларига қарши бориши эҳтимоли кам эди.
Пашинян Россияга қайта юзланмайди ва Ғарбга интилишда давом этади деб ўйлайман. Ҳозирги кунда умумий Арманистон сиёсий элитасида ҳам Россияга нисбатан салбий муносабат бор, фақат Пашинянда эмас.
Сухроб Бўронов: НАТОнинг тараққиёт бўйича Европа қўмитасининг президенти Арманистонни НАТО таркибига қўшиш мумкин, деган фикр билдирди. Умуман, НАТОнинг бир қанча операцияларида Арманистон кучлари иштирок этган, бу томондан олиб қаралса, Ғарб билан алоқалари кучли.
Россия, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги уч томонлама шартномани Россия томони ўртага чиқариши мумкин. Унга кўра, 2025 йилгача Россия ўз ҳарбийларини Лочин коридорида сақлаб туриши мумкин. Бундан ташқари, Арманистон КХШТдан бутунлай чиқиб кетганича йўқ. Путин мана шу воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин.
— Илҳом Алиев бир чиқишида тарихда Арманистон давлати бўлмаган деган фикрни айтди. Буни қандай тушуниш керак?
Камолиддин Раббимов: Бу гаплар фақат геомафкуравий аҳамиятга эга. Арманистонга таҳдид эмас, бундай мафкуравий айтишувлар кўп бўлган олдин ҳам. Арманлар бу ҳудудда тарихан яшаб келган. Озарбойжоннинг собиқ президенти Ҳайдар Алиев ҳам Қорабоғ Озарбойжоннинг ери экани, лекин тарихан этник арманлар яшаб келганини айтган. Шу билан бирга, халқаро қонунчиликка кўра, Қорабоғ Озарбойжонники, масала аён.
Ҳеч бир халқ битта ҳудудда яшамаган. Цивилизациялар кенгайган ё торайган пайтда силжишлар бўлган. Туркий цивилизация кучли бўлган даврларда Қорабоғда озарбойжонлар ҳам яшаган, арманлар ҳам.
Сухроб Бўронов: Фикримча, Илҳом Алиевнинг бундай баёнот беришидан мақсад – Зангезур коридорининг асосий қисмига таъсир кўрсатиш. Агар бу борада Арманистон билан келишув бўлмаса, йўлакни куч билан бўлса ҳам очамиз, деган гап бор. Ҳудудий яхлитлигига таҳдид эмас, масала айни шу коридор йўлаги ҳақида кетяпти. Аммо барибир Озарбойжон бунда ҳам кескин қадамлар ташламаса керак.
Тўлиқ суҳбатни видео шаклида томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024
Россияга ўқиш мақсадида рекорд даражада КХДР фуқаролари кириб келди
13:14 / 09.11.2024