Ўзбекистон | 09:38 / 16.09.2023
24612
3 дақиқада ўқилади

Истеъфодаги генерал-майор Александр Шишлянников вафот этди

У ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистондаги фуқаролик уруши вақтида Ўзбекистон томонидан юборилган 200 дан ортиқ офицерлардан бири эди ва қўшни мамлакатнинг илк мудофаа вазири бўлганди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

2023 йил 15 сентябр куни Ўзбекистон Қуролли кучлари академияси ҳарбий илмий-амалий ишлаб чиқиш маркази катта илмий ходими, ҳарбий фанлар номзоди, профессор, истеъфодаги генерал-майор Александр Шишлянников оғир касалликдан кейин 73 ёшида вафот этди.

Александр Шишлянников 1950 йил 3 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1971 йил Тошкент олий танк-қўмондонлик билим юртини тамомлагандан сўнг, Чехословакиядаги Марказий қўшинлар гуруҳи ва Германиядаги Ғарбий қўшинлар гуруҳи қисмларида хизмат қилган. 1993-1995 йилларда Тожикистон мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.

У бутун умрини Қуролли кучлар сафида хизмат қилишга бағишлаган. 30 йилдан ортиқ ҳақиқий ҳарбий хизмати давомида Александр Шишлянников унинг барча босқичларини босиб ўтди: танк билим юрти курсантидан тортиб, Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясининг тезкор санъат ва умумий тактика кафедраси бошлиғигача, Тожикистон биринчи мудофаа вазири, лейтенантдан-генералгача.

2012 йилда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шундай деган эди: «Миллий армияни мен ўзим полигонда, чодирларда тузганман. Бизда қуролли кучлар ҳам, мудофаа вазири ҳам, генерал ва офицерларимиз ҳам йўқ эди. Биз бошқа давлатдан 200 дан ортиқ офицер сўрадик. Ва улар орасида мен полковник Шишлянниковни танладим ва уни мудофаа вазири этиб тайинладим. Бизда ҳеч нима йўқ эди, биз нолдан бошладик».

«Чуқур билим, топширилган вазифа учун чуқур масъулият ҳисси, ғоят машаққатли хизмат ва юқори қўмондонлик маҳорати А.В. Шишлянниковнинг ўзига хос хусусиятлари эди. У ўзини фаол, ташаббускор ва шижоатли ҳарбий раҳбар сифатида намоён этди, ўзига ва қўл остидагиларга нисбатан талабчан, одамларга ғамхўрлик қилди, бу билан эса у умуминсоний ҳурматга сазовор бўлди», дейилади Ўзбекистон мудофаа вазирлиги хабарида.

У 70 дан ортиқ илмий ва услубий ишлар муаллифи бўлиб, Қуролли кучларнинг 20 дан ортиқ офицерларига илмий раҳбарлик қилган. 

Александр Шишлянников давлат мукофотлари, жумладан 3 та орден ва 50 дан ортиқ медал ҳамда эсдалик нишонлари билан тақдирланган. Мамлакат Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, ҳарбий фанни шакллантириш ва ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2019 йилда у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Мавзуга оид