Калифорния штати дунёдаги энг йирик нефт компанияларини судга берди
Американинг Калифорния штати жаҳондаги энг йирик 5 та нефт компанияси — Exxon Mobil, Shell, BP, ConocoPhilips ва Chevron’га нисбатан иқлим кризиси келтириб чиқарганлиги учун Сан-Франциско судига фуқаролик даъвоси қўзғатди.
New York Times нашрига кўра, даъво аризасида штат ҳокимияти иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларга қарши курашиш учун бу беш компания махсус фонд тузиб, маблағ ажратиши кераклиги талаб қилинган. Бешта йирик нефт компанияси билан биргаликда Америка нефт институти ҳам жавобгар сифатида тилга олинган.
Штат бу компанияларни кўп йиллардан буён углеводородли ёқилғиларнинг зарарларини пасайтириб кўрсатиш ва жамоатчиликни алдаб келганликда айблаган. Худди шундай даъво аризаларини сўнгги йилларда турли судларга АҚШнинг 7 та штати ва ўнлаб муниципалитетлари берган.
Лекин, экспертларнинг фикрича бу иш нефт-газ секторига кучли қаршилик келтириб чиқариши мумкин, чунки Калифорния АҚШдаги аҳоли энг зич яшовчи штат ҳисобланади ва бундай ишларда ғалаба қозонишда беқиёс тажрибага эга.
Америка нефт институтининг бош юрисконсулти Райан Мейерс даъво аризасини «судга Американинг асосий соҳаси ва унинг ишчиларига қарши асосланмаган, сиёсийлаштирилган даъво аризаси топшириш бўйича мувофиқлаштирилган кампания», деб атаган. Унинг фикрича, штат шу йўл билан муҳим миллий муаммолар ва ресурсларнинг улкан сарф-харажатларидан диққатни чалғитмоқчи.
Ўтган ҳафтада БМТ бош котиби иқлим кризиси бошланганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг ёзи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ фасл бўлган, сайёрадаги салбий ўзгаришлар эса инсонлар уларнинг оқибатлари билан курашаётганидан тезроқ содир бўлмоқда.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
07:50 / 22.11.2024