Нуқтайи назар | 17:02 / 20.09.2023
187708
2 дақиқада ўқилади

Зангезур коридорига нафақат Арманистон, балки Эрон ҳам қарши

Агар Озарбойжон йўлак очилишида ҳарбий ҳаракат бошласа, Эрон ҳам қараб турмайди, дейди сиёсатшунос Суҳроб Бўронов.

Туркия ТИВ Ҳоқон Фидан (чапда) ва Эрон ТИВ Ҳусайн Амир Абдуллоҳиан (ўнгда). Теҳрон, 2023 йил сентябр

Зангезур коридори бўйича бу вазиятга Эрон ҳам аралашиши мумкин. Чунки яқинда Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари учрашганда, Эрон ташқи ишлар вазири баёнот берди. Унда “биз Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тинч музокаралардан манфаатдормиз, лекин минтақавий коридорларни эгаллаш ва блоклашга мутлақ қаршимиз” деди. Бу дегани Озарбойжон транспорт коридорини назоратга олишига қаршимиз, дегани. Эрон керак бўлса, куч ишлатиши мумкин, бу билан Туркияга сигнал берилди.

Биламизки, Эрон шимолида 20 млн атрофида озарлар яшайди, йўлак очилиши эса Эроннинг ҳудудий яхлитлиги масаласини кўтаради. Агар Озарбойжон йўлак очилишида ҳарбий ҳаракат бошласа, Эрон ҳам бошлайди. Эрон буни Арманистон розилигисиз ҳам тўғридан тўғри бошлаши мумкин, чунки масала Эрон учун ўта муҳим аҳамиятга эга.

Исроил омили ҳам бор. Озарбойжоннинг қурол-яроғ билан асосий таъминловчиси Исроил ҳисобланади. Стокҳолм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти маълумотига кўра, охирги 4-5 йил ичида Озарбойжоннинг 60 фоиздан ортиқ қурол-яроғини Исроил таъминлаган. Исроилнинг бундай сиёсатидан мақсад – Эроннинг минтақага таъсирини заифлаштириш. Балки, Эрон шимолидаги озарларни ҳам қўллашдир.

Бжезинскийнинг Буюк шахмат тахтаси китобида ҳам “Катта Озарбойжон” лойиҳаси ҳақида гап бор, яъни Эрондаги ҳудудларни қўшиб олиш. Шунинг учун Эрон бу масалада кескин чоралар кўриши мумкин.

Суҳроб Бўронов,
сиёсатшунос

Юқоридаги фикрлар Суҳроб Бўроновнинг Kun.uz сайтига берган интервюсидан олинган.

Мавзуга оид