Ўзбекистон | 18:31 / 22.09.2023
41904
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди

Фото: "Ёрқин миллат" лойиҳаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган «Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Antistrumin)» дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берди.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан чиқарилган хатда соғлиғидан шикоят қилиб касалхонага ётқизилган 71 нафар болаларнинг аҳволи ёмонлашишига калий дори воситалари сабаб экани ёзилган. Шу сабабли вазирлик барча ҳудудлардаги бошқармаларига ҳукумат қарори билан тайинланган калий препарати истеъмолини зудлик билан вақтинча тўхтатишни топшириқ берган.

20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилган эди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат вазирнинг назоратида эканлигини маълум қилди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди

Мавзуга оид