Иқтисодиёт | 07:16 / 22.09.2023
24977
2 дақиқада ўқилади

Республикага келтирилаётган баъзи асбоб-ускуналар бож ва ҚҚСдан озод этилди

Тегишли рўйхат ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналарни киритиш ҳисобига кенгайтирилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Президентнинг «Саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, республика ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган алоҳида асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди.

Мазкур рўйхат ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналарни киритиш ҳисобига кенгайтирилди. Улар:

  • ғилдиракли, ҳаракатланадиган кўтарма фермалар ва портал юк ортгичлар;
  • минора кранлари;
  • тўқимачилик толаларини транспортировка қилиш учун пневматик кўтаргичлар ва конвейерлар;
  • товарлар ва материаллар учун узлуксиз ишлайдиган ковшли, тасмали, роликли ва бошқа элеватор ҳамда конвейерлар;
  • почта жўнатмаларини саралаш, тахлаш ёки конвертларга жойлаш ёки ўраб боғлаш учун машиналар, почта жўнатмаларини очиш, ёпиш ёки муҳрлаш учун машиналар ҳамда почта маркаларини ёпиштириш ёки ҳисобдан чиқариш учун машиналар;
  • ўзгарувчан ток генераторлари (номинал чиқиш қуввати 375 кВАдан, 750 кВАгача ва 750 кВАдан юқори); 
  • юқори ҳароратли пайвандлаш учун машина ва аппаратлар;
  • йўлсиз шароитларда фойдаланиш мўлжалланган, электромеханик трансмиссияга эга (дизел ва электр двигателлари ўрнатилган), юк кўтариш қуввати 50 тоннадан юқори бўлган юк машинаси (автомобил-самосвал);
  • иссиқхона учун ускуна ва жиҳозлар.

Ҳужжатда инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясига қўшимча ваколатлар бериш белгиланган.

Мавзуга оид