Жаҳон | 15:44 / 23.09.2023
67227
5 дақиқада ўқилади

Украинани ким кўпроқ қўллаяпти?

АҚШ Украинага ҳаммадан кўп ёрдам бераётгандек кўриниши мумкин, лекин масалага бошқа томондан – давлатларнинг мавжуд имкониятидан келиб чиқиб қаралса, Америка ҳатто топ-15 таликка ҳам кирмаслиги маълум бўлади. Хўш, украинлар озодлиги учун энг кўп фидойилик кўрсатаётган халқлар қайсилар?

Фото: Oleg Petrasyuk/EPA

АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Уруш учун фақат Россия жавобгар. Фақат Россия уни дарҳол тугатишга қодир ва фақат Россия тинчлик йўлида тўғоноқ бўлиб турибди. Чунки Россия тинчлик учун сўраётган нарх бу — Украинанинг таслим бўлиши, Украина ҳудудлари ва болалари. Россия дунё чарчаб қолишига ва Украинага шафқатсизларча муносабатда бўлишига йўл қўйилишига ишонади. Лекин мен бир савол бераман: агар биз тажовузкорни тинчлантириш учун БМТ Низомининг асосий тамойилларидан воз кечсак, ҳар қандай давлат ўзини ҳимоялангандек ҳис қиладими? Агар биз Украинанинг парчаланишига йўл қўйсак, бирорта давлатнинг мустақиллиги таъминланадими? Жавоб: йўқ. Биз келажакдаги эҳтимолий тажовузкорларни тийиб туриш учун ҳозирданоқ бу тажовузга қарши туришимиз керак», деди Байден.

Бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида АҚШ Конгресси Украинага 110 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам пакетини тасдиқлаган. Бунга қуйидагилар киради:

  • 49,6 миллиард доллар ҳарбий ёрдам;
  • 28,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам;
  • 13,2 миллиард доллар ҳуманитар ёрдам;
  • 18,4 млрд доллар – АҚШ мудофаа саноати салоҳиятини ошириш учун.

Жорий йилнинг 9 август ҳолатига кўра, Оқ уй томонидан ажратилган маблағнинг 91 фоизи сарфлаб бўлинган. Айни пайтда Байден маъмурияти Конгрессдан қўшимча 24 миллиард доллар, жумладан, ҳарбий ёрдам учун 14 миллиард доллар пул ажратишни сўрамоқда. Бироқ америкаликлар, айниқса консерваторлар орасида кейинги харажатларни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайган.

BBC статистик рақамлар орқали АҚШ эмас, балки Норвегия Украинани энг кўп даражада қўллаб-қувватлаётган давлат эканини таҳлил қилди.

Ким Украинани қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Украинага кўрсатилган ёрдам бўйича охирги статистик рақамлар июль ойининг охирида эълон қилинган. Ўша пайтда алоҳида давлатлар кесимида олинганда, Қўшма Штатлар энг кўп маблағ ажратганини кўриш мумкин – 80 млрд доллар.

Рэнд корпорациясининг мудофаа тизими бўйича халқаро тадқиқотчиси Алисса Демуснинг сўзларига кўра, АҚШнинг қўшимча ёрдамисиз Украинанинг ёзда бошланган қарши ҳужуми бир неча ҳафта ичида тўхтаб қолиши мумкин.

“Қиш келиши билан Украина ҳарбий амалиётларини қисқартиради. Аммо, АҚШнинг янги ёрдам пакети уруш майдонидан ташқаридаги урушга таъсир қилади. Бу бошқа давлатларнинг қўллаб-қувватлови учун ҳам муҳим”, дейди у.

Республикачилар харажатларни секинлаштириш ёки тўхтатишни талаб қилмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтонга ташрифи давомида Пентагон вакиллари, Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари билан ҳам учрашганди.

Сенаторлар ва конгрессменлар билан учрашувлар у қадар дўстона руҳда ўтмади, чунки Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар партиясининг барча аъзолари ҳам АҚШ бундан кейин ҳам Украинага унинг Россия билан урушида ёрдам кўрсатишда давом этиши керак, деб ҳисобламайди. Америка парламентининг қуйи палатаси спикери, республикачи Кевин Маккарти журналистларнинг Киевга ёрдам масаласи конгрессменлар кўриб чиқиши учун айнан қачон киритилиши тўғрисидаги саволига тўғридан тўғри жавоб беришни истамади.

"Украинада биз учун миллий хавфсизлик манфаати йўқ. Шундай бўлган тақдирда ҳам, бизда пул йўқ", деди Кентукки штати сенатори Ренд Пол.

Миссури штати сенатори Жош Хоули ҳам оммавий ахборот воситаларига пул ажратишдан манфаат йўқлигини билдирди.

“Бу бизнинг пулимиз эмас. Бу Америка халқининг пули”, деди у.

Конгрессда республикачилар сони ортиб бормоқда. Улар маблағ бошқа устувор мақсадлар учун, хусусан, чегара хавфсизлиги, табиий офатларни бартараф этиш ва жиноятчиликка қарши кураш каби ички муаммоларга сарфланиши керак деб ҳисоблашади.

АҚШнинг Украинага ёрдами 2022 йилда мамлакат мудофаа харажатлари учун ажратилган 751 миллиард доллар ёки пенсиялари учун тўланган 1,2 трлн доллар билан таққосланганда, анча кам ҳисобланди ва ўтган йилда АҚШ умумий харажатларининг атиги 1,8 фоизини ташкил этган.

Бошқа томондан, июль ойи охиригача Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган қарийб 80 миллиард доллар кўплаб федерал идораларнинг йиллик бюджетидан каттароқдир.

Ташқи алоқалар бўйича кенгаш томонидан тузилган маълумотларга кўра, АҚШнинг Украинага ёрдами мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,33 фоизини ташкил этган. Бу АҚШнинг 1970 йилда Исроилга (0,18 фоиз), 1964 йилда Лотин Америкасига (0,15 фоиз), 1962 йилда Покистон (0,08 фоиз) кўрсатган ёрдамидан анча кўп.

Мақоланинг кириш қисмидаги саволга жавоб

Украинага кўрсатилган ёрдамнинг давлатлар ялпи ички маҳсулотидаги улуши қуйидагича:

Киел институти томонидан тўпланган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ЯИМга нисбатан олинганда Украинага энг кўп миқдорда ёрдам кўрсатаётган мамлакатлар қуйидагилар – Норвегия (1,71 фоиз), Литва (1,36 фоиз), Эстония (1,28 фоиз), Латвия (1,13 фоиз).

Украина уруши ушбу мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети учун ниҳоятда аҳамиятли бўлгани сабабли ҳам, улар бошқаларга нисбатан кўпроқ маблағ ажратаётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид