Ўзбекистон | 10:51 / 24.09.2023
21900
2 дақиқада ўқилади

Учта вилоятда қалбаки валюталар муомалага чиқарилишига чек қўйилди

ДХХ Сирдарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида қалбаки валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйди. Хусусан, бир ҳолатда қалбаки 10 минг долларни 5 минг долларга сотмоқчи бўлган, яна бирида эса сохта 14 минг долларни ўтказишга уринган шахслар ушланди.

Давлат хавфсизлик хизмати Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳудудларда ўтказган тезкор тадбирлар давомида қалбаки валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Сирдарё вилояти Оқолтин туманида яшовчи 25 ёшли шахс 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, улардан бирига 10 минг, иккинчисига эса 4 минг, жами 14 минг қалбаки долларни ўтказмоқчи бўлган вақтида ушланди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, муқаддам судланган 34 ва 37 ёшли шахслар харидорга қалбаки 10 минг долларни 5 минг долларга сотишга келишган. Улар қалбаки 8300 долларни бериб, қолганини тез кунда етказишларини айтган ва 5 минг долларни олган вақтларида ушланган.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 1993−1997 йиллар оралиғида туғилган 3 нафар шахс 200 минг сўмлик қалбаки купюралардан иборат 400 млн сўм қалбаки пулларни 160 млн сўмга сотаётган вақтларида қўлга олинган.

Шунингдек, улар томонидан қалбаки пуллар тайёрланган савдо дўкони биноси кўздан кечирилганда купюралар тайёрлашда фойдаланилган ноутбук, рангли принтер, сканер, қоғоз кесувчи ускуна, 14 дона қалбаки 200 минг сўмлик, 1 дона 100 минг сўмлик ва 8 дона оқ қоғознинг бир томонига чоп этилган 200 минг сўмлик купюралар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид