Ўзбекистон | 19:56 / 25.09.2023
22830
2 дақиқада ўқилади

«Антиструмин»ни ишлаб чиқарган корхона фаолияти текширилмоқда

«Samo» МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари бошланган. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Наманганда болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ воқеага дахлдорлиги гумон қилинаётган «Антиструмин» дори воситасини ишлаб чиқарган «Samo» МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси хабар берди. 

Қайд қилинишича, текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, Зарур ишлаб чиқариш амалиёти, Зарур дистрибюторлик амалиёти, Зарур сақлаш амалиёти давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиш ва корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар ўрганилади. 

Шунингдек, Марказнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари томонидан «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти»га мувофиқ, «Антиструмин» дори воситасининг хавфсизлик кўрсаткичлари таҳлил қилинади. 

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган «Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Антиструмин)» дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берган эди. Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан чиқарилган хатда соғлиғидан шикоят қилиб шифохонага ётқизилган 71 нафар боланинг аҳволи ёмонлашишига калий йодид дори воситаси сабаб экани ёзилган. 

Кейинчалик Боситхонова дори ёки овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳали тасдиқлангани йўқлигини, асосий тахмин ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан боғлиқлигини айтди. 

Мавзуга оид