Иқтисодиёт | 23:21 / 27.09.2023
39749
6 дақиқада ўқилади

Афғоний дунёдаги энг барқарор валюталардан бирига айланди. Қандай қилиб?

Афғонистон валютаси йил бошидан буён 14 фоизга мустаҳкамланди. Бу ўсиш суръатлари бўйича дунёдаги энг яхши учинчи кўрсаткичидир. Афғоний курсининг яхшиланишига мамлакатдаги кучли валюта назорати ва тақиқлар таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Экспертлар бу тенденция узоққа чўзилмаслигини айтмоқда.

Фото: Getty Images

Мамлакатдаги инқирозли вазиятга қарамай, Афғонистон миллий валютаси дунёдаги энг барқарор валюталардан бирига айланди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Қайд этилишича, афғоний учинчи чоракда 9 фоизга, йил бошидан буён эса 14 фоизга мустаҳкамланган. Бу – Колумбия ва Шри-Ланка валюталаридан кейинги энг яхши учинчи кўрсаткичдир.

Валюта назорати, нақд пул тушумлари ва пул ўтказмалари миқдорининг ошиши Афғонистон миллий валютаси мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, мамлакатдаги маҳаллий операцияларда АҚШ доллари ва Покистон рупийсидан фойдаланиш тақиқланди. Долларни мамлакатдан ташқарига олиб чиқишга чекловлар кучайтирилди. Онлайн савдо ноқонуний деб эълон қилинди.

Bloomberg миллий валюта курси мустаҳкамланишининг яна бир омили сифатида инсонпарварлик ёрдамининг мунтазам етказиб турилгани ва қўшни давлатлар билан савдо ҳажмининг ошишини келтирган.

Мамлакатда умумий вазият оғирлигича қолмоқда. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Афғонистонда ишсизлик авж олган, уй хўжаликларининг учдан икки қисми асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга қийналмоқда.

«Қаттиқ валюта назорати ишламоқда, аммо иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий беқарорлик валюта курсининг бу мустаҳкамланишини қисқа муддатли ҳодисага айлантиради», дея таъкидлаган Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси бўйича эксперт Камран Бохари.

Пул айирбошлаш тизими

Ҳозир Афғонистонда хорижий валюта савдоси асосан сарроф деб аталадиган қорабозордаги валютафурушлар орқали амалга оширилади. Улар бозорларда савдо расталари ўрнатади ёки шаҳар ва қишлоқлардаги дўконларда ишлайди.

Кобулдаги Сараи Шаҳзода бозори мамлакатнинг амалдаги молиявий маркази бўлиб, ҳар куни саррофлар қўлидан ўнлаб миллион доллар эквивалентидаги маблағ ўтади. Бу борада ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган. Молиявий санкциялар туфайли деярли барча пул ўтказмалари Hawala пул ўтказмалари тизими орқали амалга оширилади.

БМТнинг молиявий кузатув хизмати маълумотларига кўра, Афғонистонга бу йил 3,2 миллиард долларга яқин ёрдам керак бўлади, шундан 1,1 миллиард доллари етказиб берилган. Ўтган йили 41 миллион мамлакат аҳолисининг ярми очлик билан тўқнаш келгани сабабли ташкилот тахминан 4 миллиард доллар пул ажратган.

2010 йилдан 2023 йилгача БМТ томонидан Афғонистонга ажратилган маблағлар

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Афғонистон иқтисодиёти жорий йилдан қисқаришни тўхтатади ва 2025 йилгача 2-3 фоизлик ўсиш кузатилади. Шу билан бир қаторда, ташкилот «Толибон» аёлларга нисбатан репрессияни кучайтираётгани сабабли глобал ёрдамнинг қисқариши хавфи юқори эканини ҳам қайд этган.

«Валюта операциялари бўйича қатъий чекловлар ва савдонинг аста-секин яхшиланиши афғонийга бўлган талабни оширмоқда», дейди иқтисодий рисклар бўйича таҳлилчи Анвита Басу. Унинг қўшимча қилишича, Афғонистон миллий валютаси йил охиригача ҳозирги даражада барқарорлашишда давом этиши мумкин.

Минерал ресурслар

Афғонистон замини табиий ресурсларга бой. Уларнинг умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланган. «Толибон» маъмурияти Хитой, Британия ва Туркия компаниялари билан темир, руда ва олтин қазиб олиш бўйича 6,5 миллиард долларлик шартномалар тузган. Шунингдек, январ ойида Хитой компанияси билан нефт қазиб олиш бўйича битим имзоланган. Май ойида «Бир камар ва йўл» ташаббуси доирасида миллиардлаб доллар жалб этиши мумкин бўлган инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича келишув бўлган.

Шунингдек, муносабатлардаги кескинликнинг юмшаши сифатида сентябр ойида АҚШ бизнес делегацияси глобал инвесторларни жалб қилиш учун Кобулда конференция ўтказди. Айни пайтда Покистондан Афғонистонга олиб кирилаётган долларлар ҳам мамлакатдаги валюта сиёсатига муҳим таъсир ўтказган.

Афғоний курсининг ўзгариши

Валюта босими пасайгани сабабли, Афғонистон Марказий банки доллар олиш лимитини бизнес учун ойига 25 минг доллардан 40 минг долларгача, жисмоний шахслар учун эса ҳафтасига 600 долларгача оширган.

Вазият оғирлигича қолмоқда

Нақд пул оқими билан боғлиқ вазият бироз ўнгланган бўлса-да, мамлакатдаги ижтимоий вазият ва молиявий истиқбол даҳшатли бўлиб қолмоқда. Қўшма Штатлар музлатилган 9,5 миллиард долларлик валюта захирасидан 3,5 миллиард долларни қайтаришга рози бўлган эди, бироқ марказий банкнинг «Толибон»дан мустақил эмаслиги ҳамда пул ювиш ва терроризмга қарши курашда камчиликлари борлиги аниқланганидан кейин иш тўхтатиб қўйилди.

БМТнинг огоҳлантиришича, агар бу йил ташқи ёрдам 30 фоизга камайса, аҳоли жон бошига даромад 306 долларгача ёки 2020 йил даражасидан 40 фоизгача камайиши мумкин.

Аёлларга нисбатан кенг қамровли чекловлар «Толибон» маъмурияти ичидаги бўлинишни ҳам кучайтирган. Ҳукуматнинг баъзи вакиллари уларнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзодани очиқ танқид қилган. 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, «Толибон» аёлларга нисбатан босқичма-босқич тарзда турли чекловларни жорий қилишни бошлади. Хусусан, аёл телебошловчиларнинг рўмол ўраши мажбурий қилинди, аёл актрисалар иштирокидаги драматик филмлар ва кўрсатувлар намойиши тақиқланди. Қизларнинг ўрта мактабда таълим олиши, университетларда ўқиши чекланди, аёлларга барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларида ишлаш тақиқланди. Бу қарорлар кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқидлар тўлқинига сабаб бўлди.

Мавзуга оид