Жаҳон | 13:12 / 27.09.2023
28664
2 дақиқада ўқилади

Ироқда тўйда юз берган ёнғин оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Жароҳат олганлар сони 500 нафарга етди.

Фото: Khalid Al-Mousily / Reuters / Scanpix / LETA

Ироқ шимолидаги Найнава вилоятида тўй вақтида чиққан ёнғин оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, яна 150 киши жароҳат олган. Фожиа Баҳдид шаҳрида (Ҳамдания ёки Каракош сифатида ҳам танилган) шаҳрида рўй берган.

Reuters агентлиги маҳаллий нашрларга асосланиб хабар беришича, ёнғин тўйхонанинг тадбирлар ўтказиладиган қисмида мушакбозликдан кейин шифт аланга олиши билан рўй берган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўйхонага келганлар олов қамраган залда қамалиб қолишган ва уларнинг фақат бир қисмигина кўчага чиқа олишган. Ёнғин бошланганидан кўп ўтмай бино шифти босиб тушган.

Маҳаллий расмийлар харобаларни тозалаш ишлари якунларига кўра қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини истисно этишмаяпти. Ёнғин рўй берганида бино ичида 800 га яқин киши бўлгани айтилмоқда.

Найнава губернатори ўринбосари Ҳасан ал-Аллақ Reuters агентлигига берган изоҳида 113 кишининг ўлимини тасдиқлаган. 

Шифокорлар келин ва куёв ҳам қурбонлар орасида эканини айтишган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тўй ўтказилган бино осон аланга олувчи арзон материаллардан қурилган ва бу олов тезда тарқалиб, конструкциялар қулашига шароит яратган.

Associated Press агентлиги аниқлик киритишича, Ҳамданияда асосан христианлар яшайди ва ёнғин шу жамоа аъзоларининг тўйи вақтида рўй берган.

Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда. Ироқ ички ишлар вазири Абдуламир Шаммари минтақага келиши кутилмоқда. 

Жабрланганлар бутун провинция бўйлаб жойлашган шифохоналарга олиб борилган.

Улардан энг йириги, регион маркази Мўсулдан шарқда жойлашган шифохона олдида сешанба оқшомида жабрланганлар учун қон топширишга келган юзлаб кишилар тўпланган.

Ироқ ички ишлар вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий Twitter саҳифасида унинг фармойиши билан мамлакат ва регион ҳукумати барча кучларни жабрланганлар ва қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун сафарбар қилгани ҳақида ёзган.

Мавзуга оид