Жамият | 18:06 / 27.09.2023
16198
6 дақиқада ўқилади

Уларга пул, фойда керак эмас – волонтёрлар ўзи ким?

Табиий офат бўлган ҳудуддаги одамларга ёрдам бериш, хайрия лойиҳалари ташкиллаштириш, дарахт экиш, атрофни чиқиндилардан тозалаш, яна қилиш мумкин бўлган кўплаб яхши ишларни амалга оширувчи волонтёрлар дунё бўйича 1 млрддан кўпроқ.

Дунё миқёсида кўплаб одамлар ҳар хил қийинчиликларга дуч келиб туради. Булар иқлим офатлари, касалликлар, камбағаллик, яна тинчликка рахна солувчи бошқа муаммолар бўлиши мумкин. Шундай вазиятда волонтёрлар одамларнинг жонига ора киради, уларни қўллаб-қувватлаб қийинчилик вазиятида ҳеч қандай таъмасиз ёрдам беради. Биз бундай кўнгилли одамларни волонтёрлар деб атаймиз.

Қизиқ фактлар

Дунё бўйича 1 млрддан ошиқ одам волонтёрлар ҳисобланади. АҚШда эса ҳар тўртинчи одам волонтёрлик қилади. Расмий ва норасмий манбаларга кўра, аёллар эркакларга қараганда кўпроқ волонтёрлик билан шуғулланади.

Айниқса, коронавирус пандемиясидан кейин волонтёрлик қилиш тизими ўзгариб кетди. Пандемия бошланган 2020 йилдан 2022 йилгача онлайн волонтёрлик қилиш фоизи 32 фоиздан 51 фоизга ошган.

Волонтёрлик нима дегани?

Волонтёрлар — кўнгиллилар бирор фойда олиш мақсадида эмас, балки эзгу мақсадлар йўлида жамоат ишларини бажариш, нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун турли вазифаларни бажаришга киришган кишилардир. Улар бу мақсад йўлида ўз вақтлари ва энергияларини пул олмасдан сарфлайди.

Масалан, қайсидир ҳудудда сел тошқини бўлиб одамларнинг яшаш жойлари харобага айланган бўлса, волонтёрлар тозалаш ишларига ёрдам бериши мумкин. Ёки ўтказиладиган турли фойдали тадбирларни ташкиллаштириб бериши мумкин. Уларнинг турли йўналишларда одамларга фойдаси тегади. 

Волонтёрлик қандай вужудга келган?

Волонтёрлик тарихи 12-асрдаги Буюк Британия билан боғланади. Бу даврда волонтёрлар томонидан бошқариладиган 500 дан ортиқ касалхоналар бор эди. Лекин тарихда бундан олдин ҳам одамларга кўнгилли тарзда ёрдам бериш тизими бўлганини инкор қилиб бўлмайди. Кўнгилли тарзда қилинадиган ишлар, асосан, дин ва диний идоралар билан боғлиқ тарзда амалга оширилган.

"Волонтёр" сўзининг пайдо бўлиши эса 17-асрга бориб тақалади, бу сўз француз тилидан олинган. Унинг фаол ишлатилиши 18-асрда одамларнинг ҳарбий хизматга кўнгилли тарзда қўшила бошлаши билан оммалашади. Бугунга келиб эса "волонтёр" сўзи ҳарбий хизмат билан эмас, кўпроқ жамоат ишлари билан боғлиқ.

Уюшган кўнгиллилар ҳаракатлари эса 19-асрдан бошлаб ёшлар ва аёлларнинг урушларда яраланган аскарларга ёрдам бериш, уларга таъминот йиғиш каби ҳаракатларни амалга ошириши учун тузилади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида волонтёрлар илк марта турли хорижий давлатларга бошқаларга ёрдам бериш учун бора бошлади. Кейинроқ волонтёрлик оммалашиши билан турли ташкилотлар, таълим муассасалари ўз ходимлари, талабаларидан волонтёрлик дастурларида қатнашишни талаб қила бошлади.

Ҳозир турли таълим дастурларига ҳужжат топширганда волонтёрлик билан шуғулланиш ҳам инобатга олинади.

Қайси давлатларда волонтёрлар кўпроқ?

Аҳолиси волонтёрлик билан шуғулланадиган топ 5 та давлат:

  • АҚШ;
  • Янги Зеландия;
  • Норвегия;
  • Канада;
  • Австралия.

Бу давлатларда волонтёрлар иқлим муаммолари сабаб вужудга келган вазиятларда қатнашишдан тортиб, ўзларидаги малака ва билимни бошқаларга кўнгилли тарзда ўргатиш кабиларда ҳам иштирок этади. Шунингдек, улар халқаро волонтёрлик лойиҳаларида ҳам қатнашади.

Қайси йўналишларда волонтёрлик қилиш мумкин?

Табиатга ғамхўрлик – бу йўналишда турли ишлар қилиш мумкин: атроф-муҳитни кўнгилли бўлиб тозалаш, деҳқон хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни саралашга ёрдамлашиш, табиатни асрашга оид турли лойиҳалар тарғиботи билан шуғулланиш, онлайн петициялар йиғиш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш;

Ижтимоий соҳадаги волонтёрлик ишлари. Бу соҳада ҳам ишлар жуда кўп: болаларга менторлик қилиш, одамларни кўнгилли тарзда ўқитиш, кичик бизнеслар ривожланишига беғараз ёрдам бериш, гендер тенглиги йўналишида ёлғиз оналар учун хайриялар қилиш, ёрдамга муҳтож аёлларга кўмаклашиш, уларга ёрдам берувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш.

Ўзбекистонда-чи?

Ўзбек халқи ҳам табиатан бошқаларга ёрдам бериш, кўнгилли бўлишга мойил.

Буни 2020 йилда Сардоба сув омборида техноген офат рўй берганда одамларнинг кўнгилли тарзда сирдарёликларга маблағ ва керакли буюмларни йиғгани мисолида ҳам кўриш мумкин эди.

Тошқин бўлган ҳудудда мингга яқин ёшлар кўнгилли тарзда ишлагани ҳақида ҳам маълумот берилганди.

Сардобаликлар учун санъаткорлар бошлаган хайрия акцияси, 2020 йил.

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида ҳам турли кўнгилли лойиҳалар, хайрия ёрдамлари ташкил қилинганди.

Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” хайрия жамғармаси, ҳудудларда волонтёрлик марказлари ташкил этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда одамларнинг ўз ташаббуслари билан ташкил қилинган волонтёрлик лойиҳалари ҳам мавжуд. Масалан, “Бахт улаш” кўнгиллилар жамоаси турли тадбирлар: дарахт экиш, ободонлаштириш ходимларига зарурий воситалар тарқатиш каби лойиҳалар ташкиллаштиради. Бунда керакли маблағ кўнгилли тарзда йиғилади ва тадбирдаги ишларни волонтёрларнинг ўзлари бажаради.

“Бахт улаш” волонтёрлар жамоаси

Қонунчиликда волонтёрларга эътибор борми?

“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун мавжуд бўлиб, унда ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.

Қонунда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятига оид тартиблар белгиланган. Соҳадаги махсус ваколатли орган эса Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳам мавжуд бўлиб, ташкилот сайтида кўрсатилган маълумотга кўра, жами 3,4 минг волонтёр рўйхатдан ўтган.

Мавзуга оид