Жамият | 16:44 / 29.09.2023
16838
6 дақиқада ўқилади
Реклама

СамДАҚУда кредит-модул тизими қандай ишламоқда?

Фото: СамДАҚУ

Университетга ўқишга кирганингиздан сўнг талаба сифатида у ерда айнан қайси фанларни ўрганишни қисман бўлса-да ўзингиз танлашингиз мумкинлигини ҳеч тасаввур қилганмисиз?

Бир вақтлар орзу бўлган бу имконлар эндиликда республикадаги ОТМ орасида биринчилардан бўлиб Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида жорий этилди. Ҳар бир ўқитувчи семестр бошида ўз фани бўйича дастурини тақдим этиб, унда ушбу фан нима ҳақидалиги, талабалар ушбу фанни ўрганиш натижасида амалиётда нималар қила олиши ҳақида батафсил тушунтириб беришгандан сўнг талабалар ўзлари истаган фанни онлайн сўровнома орқали танлашди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”га кўра, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини кредит-модул тизимига ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич мазкур тизимга ўтказиш ҳамда мустақил таълим соатлари улушини ошириш, талабаларда мустақил таълим олиш, танқидий ва ижодий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш, ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, бу борада ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш назарда тутилган.

Анъанавий университетлар қатъий белгилаб қўйилган ўқув дастурлари асосида иш юритади, талабалар олдиндан ёзилган барча фанларни ўрганишга мажбур бўлишади. Мантиқий савол пайдо бўлади: ўқув режадаги барча фанлар ҳар бир талабанинг қизиқишлари, келажак режаларига тўғри келмаса-чи?

Замонавий таълим берадиган университетларда ҳар бир талаба ўз қизиқишлари, имкониятлари, келажакда қайси касбни эгаллаши ва бу учун керакли фанларни ўзи яхши билади. Талабани мажбурлаб хонада олиб ўтириш мумкин, лекин унинг фикр ва эътиборини хонада ушлаб ўтириб бўлмайди. Кредит-модул тизимида ишлайдиган университетларнинг афзаллиги ҳам – ўқув дастурига танлов фанларининг жорий этишидир.

Танлов дарслари талабанинг асосий йўналишидан ташқари турли фанларни ўзлаштириш имконини яратади, талабага шахсий ва профессионал ўсишига ҳам ёрдам беради.

Танлов дарслар орқали талабада янги кўникмалар ривожланади. Мисол учун, талаба иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқиса ва танлов дарс сифатида психологияни танлаши унга харидорлар ва сотувчиларнинг фикрлаш тарзини тушунишга ёрдам беради, уларнинг харажат қилиш сабабларини тушунишга имкон беради.

СамДАҚУда жорий ўқув йилида талабаларга онлайн сўровнома орқали тақдим этилган 30 та танлов фанлар орасидан кучли ўнликка кирган фанлар рўйхати қуйидагича бўлди.

1.       Рус тили;

2.       Турк тили;

3.       Немис тили;

4.       Волейболдаги асосий техникаларни ўқитиш;

5.       Бевосита маркетинг;

6.       Футбол ва асосий ҳаракатларни ўқитиш;

7.       Бизнесда жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш;

8.       Логистика менежменти асослари;

9.       Корейс тили;

10.     Баскетболдаги асосий техникаларни ўқитиш.

Албатта йилдан йилга танлов фанлари сони ошиб боради, чунки замон ўзгармоқда, илм-фан ривожланмоқда, бозорда янги кўникмаларга эҳтиёж сезилмоқда. Замонавий трендларга асосланган ҳолда талабада мустақил қарор қабул қилиш қобилияти ҳам шаклланиб боради. Талабалар ўз факултетларидан ташқарида, яъни бошқа факултетлардан ҳам танлов фанлари олишлари учун тизим яратилади.

Танлов фанлар тизими аслида профессор-ўқитувчилар орасида ҳам ўзига ҳос рақобат муҳитини яратади. Ўз устида ишламаган, эски китоб ва маълумотлар билан дарсга кирадиган ҳамда таълимга лоқайд бўлганлар ўз-ўзидан талаба учун кераксиз бўлиб қолади. Талабаларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларига жавоб бермайдиган фанлар ўқув дастуридан чиқарилади, янги рўйхатдаги фанлар давр талаблари ва қизиқишларига мослашади.

Ректор Чидем Жанбай Туркйилмаз бошчилигидаги СамДАҚУ жамоаси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йили бизга мақсад қилиб белгилаб берган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”га кўра, келажакда мамлакатимиз ва дунёда рақобатбардош, халқаро тажрибаси бўлган ва фанлараро кўникмалари билан ўз соҳасининг кучли мутахассисини етказиб беришда бор салоҳиятларни ва имконларини қўллашда давом этади.

Маълумот ўрнида, университетда янги 2023-2024 ўқув йилининг илк ҳафтаси 4-8 сентябрь кунлари “Orientation week” яъни танишув ҳафталиги доирасида 20 дан ортиқ илмий, ижтимоий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилган эди.

СамДАҚУ Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид