Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Қўшма Штатлардаги барча пандаларни қайтариб олади
Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли, аммо Пекин 1984 йилдан бери ҳайвонларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб, муносабатларни яхшилашда «панда дипломатияси»дан фойдаланмоқда.
АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳри ҳайвонот боғидаги учта улкан панда шу йилнинг декабр ойида Хитойга қайтади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.
Ундан бу ҳаракат АҚШ ва Хитой ўртасидаги «панда дипломатияси» деб аталадиган муносабатларнинг ёмонлашувини акс эттирадими ёки йўқми, деб сўралди.
«Улкан пандалар нафақат Хитойнинг миллий бойлиги, балки бутун дунё халқлари томонидан мамнуният билан кутиб олинади ва севилади, уларни дўстлик элчиси ва кўприги дейиш мумкин. Биз йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун АҚШ билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз», деди Мао Нинг.
Мэй Сян ва Тян Тян исмли пандалар Вашингтон ҳайвонот боғига 2000 йилда Хитой ёввойи табиат ассоциацияси билан келишув доирасида келган эди. Жуфтлик тадқиқот ва наслчилик дастури учун ўн йил қолиши керак эди, аммо Хитой билан шартнома бир неча бор узайтирилди. 2020 йилда жуфтлик бола кўрди, у Сяо Ци Цзи деб номланди. Ўша йили ҳайвонот боғи уч бош пандани 2023 йил охиригача сақлаб қолиш учун шартнома имзолади.
Bloomberg маълумотларига кўра, Қўшма Штатларнинг Атланта, Сан-Диего ва Мемфис шаҳарларидаги ҳайвонот боғлари аллақачон ўз пандаларини Хитойга қайтариб берган ёки келаси йил охиригача буни амалга оширади. Шундай қилиб, барча пандалар АҚШни тарк этади.
Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли, аммо Пекин 1984 йилдан бери ҳайвонларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб келмоқда. Хитой томонидан хорижий давлатлар билан муносабатларни яхшилаш учун фойдаланиладиган ушбу миссия «панда дипломатияси» деб аталади.
2021 йилда Хитой ҳукумати пандаларнинг табиатдаги популяцияси тиклана бошлагани ва 1,8 минг бошга етгани сабабли уларни «йўқолиб кетиш хавфи остидаги» мақомини пасайтирди. Энди Хитой ўз миллий боғлари тармоғини яратмоқда, натижада бу пандаларни кўпайтириш ва сақлаш учун хорижга жўнатишни талаб қилмаслиги мумкин.
Bloomberg манбасининг айтишича, АҚШ президенти Жозеф Байден маъмурияти Пекин билан пандалар ижараси масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Кейинги музокаралар истиқболи ҳақидаги саволга АҚШ Давлат департаменти вакили агентликка панда ҳақидаги келишув ҳукуматлар ўртасида эмас, балки Миллий ҳайвонот боғи ва Хитой ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ассоциацияси ўртасида тузилганини айтди. Унинг таъкидлашича, аввалги ҳамкорлик «ҳар икки томоннинг хайрихоҳлик ишораси» эди.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
09:03 / 28.05.2025