Жаҳон | 01:14 / 30.09.2023
10482
2 дақиқада ўқилади

Арманистон Озарбойжон устидан БМТ судига даъво аризаси берди

Ереван суддан Бокунинг «Тоғли Қорабоғдаги арманларни сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан воз кечиш» мажбуриятини тасдиқлашни талаб қилмоқда.

Фото: Reuters

28 сентябр куни Арманистон Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолисига нисбатан ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция бузилганлиги ҳақидаги даъво билан боғлиқ ҳолда Озарбойжонга қарши БМТ Халқаро судига даъво аризаси киритди.

Ереван БМТ судидан Бокунинг «Тоғли Қорабоғдаги арманларни сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан воз кечиш» мажбуриятини тасдиқлашни талаб қилмоқда.

Даъво муаллифлари Озарбойжон Дискриминацияга қарши халқаро конвенция бўйича «ўз мажбуриятларини бузишга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай чоралардан ўзини тийиши» кераклигини таъкидлайдилар. Хусусан, гап Тоғли Қорабоғдан аҳолининг эркин чиқиб кетишини, БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ходимларининг минтақадаги арман аҳолиси олдига киришини таъминлаш, коммунал тизимни тиклаш ва фуқаролик ҳолатини тан олиш ҳақида бормоқда.

Ереван Боку томонидан «Тоғли Қорабоғнинг амалдаги ёки собиқ сиёсий вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларига нисбатан жазо чораларини қўллашдан ўзини тийишини», кутмоқда. Бундан ташқари, Арманистон томони даъво матнига 19 сентябрдан кейин Озарбойжон ҳарбийлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини улар томонидан босиб олинган ҳудуддаги фуқаролик объектларидан олиб чиқиб кетиш талабини киритган. Арманистон, шунингдек, минтақадаги арман маданий мероси обидаларини, жумладан, 1915 йилда Усмонли империясида арман геноциди қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликларни бузиш ёки ўзгартиришни тақиқлашни талаб қилмоқда.

Даъвода Боку ҳужжат БМТ судига топширилган кундан бошлаб, бир ой ичида уни бажариш чоралари тўғрисида ҳисобот бериши, сўнгра иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар, ҳар уч ойда судни хабардор қилиши шартлиги кўрсатилган.

Мавзуга оид