Жаҳон | 20:10 / 30.09.2023
10202
2 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 100 мингдан ортиқ қочқин кўчиб ўтди

Ҳудудда бир неча юз арман қолгани, улар ҳам тез орада Арманистонга ўтиши айтилмоқда.

Фото: Euronews

Арманистон бош вазири матбуот котиби Назели Багдасарян Тоғли Қорабоғдан Арманистонга келган қочқинлар сони 100 минг 417 нафарга етганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Лочин йўлагидаги Хакари кўпригидан 21 мингдан ортиқ автомобил ўтган. Арманистонда аллақачон 81 139 киши рўйхатга олинган ва ҳукумат 32 200 кишига вақтинчалик уй-жой ажратган.

Ўз навбатида, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғга 2300 нафар собиқ қочқинлар қайтганини, 2023 йил охиригача уларнинг сони 5500 кишига етишини маълум қилди.

Тоғли Қорабоғнинг собиқ омбудсмани Артак Бегларян сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғда кўпи билан бир неча юз арман қолган, «уларнинг аксарияти амалдорлар, фавқулодда хизмат ходимлари, кўнгиллилар, алоҳида эҳтиёжманд одамлар, улар ҳам кетишга ҳозирлик кўрмоқда».

2015 йил ҳолатига кўра, тан олинмаган республика аҳолиси 145 053 киши бўлиб, улардан 144 683 нафари арманлар эди. Бу Тоғли Қорабоғда яшовчи аҳолининг 99,74 фоизини ташкил қилади.

19 сентябр куни Озарбойжон тан олинмаган республика ҳудудини ўққа тутиб, «аксилтеррор операцияси»ни бошлади. Бир кун ўтиб Озарбойжон ва Тоғли Қорабоғ расмийлари ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини эълон қилди.

28 сентябр куни Тоғли Қорабоғ Республикаси тугатилиши ҳақида эълон қилинди.

Мавзуга оид