Ўзбекистон | 21:24 / 02.10.2023
8712
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга давлат ташрифи якунланди 

Ўзбекистон раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифини якунлади. 

Шайх Ҳамад номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Қатар ташқи ишлар давлат вазири Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Ҳулайфий ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. 

Шавкат Мирзиёев Доҳада амир шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокара ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди. 

Музокаралар якунида ҳужжатлар тўплами имзоланди. 

Шунингдек, президент «ЭКСПО Доҳа - 2023» бутунжаҳон кўргазмасининг очилишида иштирок этди. 

Тантанали тадбирда Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БАА президенти шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён, Ироқ, Яман ва қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди. 

Кўргазма «Яшил саҳро, янада яхши атроф-муҳит» шиори остида ўтказилмоқда ва келгуси йил март ойига қадар давом этади. 

Форум иштирокчилари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экотизимларни ривожлантириш, «ақлли» қишлоқ хўжалигини жорий қилиш, янги турдаги экинларни етиштириш, инновацион боғлар яратиш ва бошқа йўналишлардаги илғор технологиялар ютуқлар билан танишди. 

Кўргазма доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий павилйонида интенсив деҳқончилик ва чорвачилик, экологик менежмент соҳаларидаги энг янги технологиялар, мамлакатимиз боғдорчилик ва озиқ-овқат тармоқлари тақдимотлари намойиш этилган.

Ташриф чоғида давлат раҳбари Қатарнинг йирик инвесторлари билан қатор учрашувлар ҳам ўтказди.

Мавзуга оид