Арманистон парламенти Ҳаага судининг Рим статутини ратификация қилди
Арманистон ўз ҳудудида Ҳаага суди юрисдикциясини тан олди. Энди Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олишга ордер берилган Россия президенти Владимир Путин Арманистонга келса, маҳаллий ҳукумат уни қўлга олиши керак бўлади.
Арманистон парламенти 3 октябр, сешанба куни Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилиш учун овоз берди. 60 депутат уни ёқлаб, 20 нафари қарши овоз берди. Шу тариқа, Арманистон ўз ҳудудида ХЖС юрисдикциясини тан олди. Бу суд аввалроқ Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган эди.
Арманистоннинг халқаро ҳуқуқий масалалар бўйича вакили Егише Киракосян парламентдаги муҳокамада ратификация зарурлигини бу Озарбойжон ҳарбийларини Арманистон ҳудудида ҳарбий жиноят содир этган тақдирда жиноий жавобгарликка тортиш имконини бериши билан изоҳлади.
Пашинян: ХЖСнинг тан олиниши Путинни ҳибсга олиш ордери билан боғлиқ эмас
Арманистон бош вазири Никол Пашинян 12 сентябр куни ХЖСнинг тан олиниши «Арманистон-Россия муносабатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ», деб аниқлик киритди. Унинг эслатишича, Ереван Рим статутини ратификация қилишни 2022 йилнинг декабрида, ХЖС Путинни ҳибсга олишга ордер беришидан аввал бошлаган. Шунга қарамай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ереваннинг Рим статутига қўшилиш режаларини «мутлақо қабул қилиб бўлмайди» деб атади.
2023 йилнинг март ойида ХЖС Путин ва болалар омбудсманı Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Суд маълумотларига кўра, Путин ва Лвова-Белова «аҳолини (болаларни) Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳаракат учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак». Бу ордер Рим статутини ратификация қилган давлатлар Путин ташриф буюрган тақдирда уни ҳибсга олиши кераклигини англатади.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
10:10 / 09.10.2024
РФ чегарачилари Арманистон ва Эрон чегарасини қўриқлашни тўхтатади
20:10 / 02.10.2024