Ўзбекистон | 13:52 / 03.10.2023
9394
3 дақиқада ўқилади

Портлашдан кейин: Сергелида таъмирлаш ишлари давом этмоқда

Сергелида содир бўлган портлашдан сўнг зарар етган хонадонлар таъмирланмоқда. Cинган, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эшик-деразалар янгисига алмаштирилмоқда. Kun.uz мухбири ҳудудда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари билан танишди.

«Оддий ишчидан тортиб, то ҳокимиятгача — аскарларимизга, ички ишлар ходимларига, кимки шу ерда қатнашаётган бўлса, ўзбекнинг кимлигини кўрсатяпти. Ҳеч қачон бундай фалокат бўлмасин», — дейди портлаш бўлган ҳудудда яшовчилардан бири.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган яна бир аҳоли вакили таъмирлаш ишлари тезкорлик билан бажарилаётганини қайд этди.

Хонадонида таъмирлаш кетаётган отахон шундай дейди: «4 та дераза, 2 та эшик бузилди. 28 cентябрдан бери ҳар куни 3 маҳал овқат беришди. Ёрдам катта бўлди. Барака топишсин».

28 cентябр куни Тошкентнинг Сергели тумани Қурувчилар даҳасидаги Interlogistics компаниясига қарашли омборда содир бўлган кучли портлаш оқибатида 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта мактаб ва иккита боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Тошкент шаҳар ҳокими зарар кўрган хонадонлар ва ижтимоий объектларни таъмирлашни пойтахт туманларининг ҳокимликларига тақсимлаб берди.

Дастлабки маълумотлар талафот суммаси 5,5-6 млрд сўм эканини кўрсатди. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов зарар миқдори ўзгариши мумкинлиги ва унинг 10 млрд сўм атрофида бўлиши мумкинлигини билдирди

Ҳидоятов Kun.uz’нинг нима сабабдан таъмирлаш-тиклаш харажатлари давлат ҳисобидан бўлаётгани ҳақидаги саволига: «Зарарни албатта МЧЖга тўлатамиз. Давлатнинг пули кўчада қолмаган» дея жавоб берди.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган адвокат Руслан Содиқов портлаш оқибатларини бартараф этиш бўйича харажатлар ва кўрилган зарарлар кейинчалик воқеада айбдор деб топилган шахслардан ундирилишини айтди. Адвокат омборни сотиб бўлса-да етказилган зарар қопланишини қайд этди

Мавзуга оид