Маккарти АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимидан четлатилди
Республикачи Мэтт Гетц ташаббуси билан ўтказилган овоз бериш натижасида унинг партиядоши Кевин Маккарти АҚШ Конгресси қуйи палатаси спикери лавозимидан маҳрум бўлди.
Республикачи Кевин Маккарти ўз партияси аъзоси Мэтт Гетц ташаббуси билан ўтказилган овоз беришдан сўнг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси раислигидан четлаштирилди. 3 октябр, сешанба куни конгрессменларнинг 216 нафари тегишли резолюцияни ёқлаб чиқди, 210 нафари эса қарши бўлди.
«Бу жаноб Маккарти ва ўта ўнгчи республикачилар фракцияси аъзолари ўртасидаги кучли курашнинг чўққиси бўлди, улар январ ойида уни спикерлик лавозимини эгаллашига тўсқинлик қилишга уринди ва шундан бери ҳукуматни сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларига путур етказиш мақсадида уни қийнашди» - деб ёзган The New York Times.
Республикачи Патрик Макҳенри спикер сифатида ишлайди
Республикачи Патрик Макҳенри Вакиллар палатасининг янги спикери сайланмагунча Вакиллар палатаси спикери сифатида ишлайди. Оммавий ахборот воситалари эсга олишича, Маккарти 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин қабул қилинган қоидаларга мувофиқ, кутилмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда ушбу лавозимдаги ўзининг ворислари махфий рўйхатини тузган ва Макҳенри бу борада биринчи ўринни эгаллаган.
АҚШнинг вақтинчалик бюджети бўйича баҳс
30 сентябр куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат иши тўхтатилишининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик бюджет лойиҳасини маъқуллади. Кевин Маккарти томонидан таклиф этилган ва 17 ноябргача бўлган муддатга мўлжалланган бюджет лойиҳаси давлат идоралари фаолияти, шунингдек, табиий офат оқибатларини бартараф этиш харажатлари ўз ичига олади, бироқ Украинага ёрдам кўрсатиш учун маблағ киритилмаган.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Маккартининг нафақат партиядошлари, балки баъзи демократларнинг ҳам овозини олишга муваффақ бўлгани туфайли амалга ошди. Шу фонда Гетц Вакиллар палатаси спикерини Республикачилар партияси манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига АҚШ президенти, демократ Жо Байденни қўллаб-қувватлаётганликда айблади.
Кузатувчилар таъкидлаганидек, Вакиллар палатаси спикерининг бўш қолган курсиси Маккартининг вориси сайланмагунча унинг ишини деярли фалаж қилади. Шу билан бирга, Конгрессда навбатдаги шатдауннинг олдини олиш учун 40 кундан сал кўпроқ вақт қолгани ҳисобга олинса, спикерни сайлаш жуда қийин бўлиши мумкин.
Вакиллар палатаси тарихида спикерни лавозимидан четлаштириш учун бор-йўғи учта талаб қўйилган. Бундай масала бўйича овоз бериш фақат бир марта бўлиб ўтган: 1910 йилда республикачилар палатанинг ўша пайтдаги спикери Жозеф Кэннонни лавозимидан четлатишга ҳаракат қилган. У овоз бериш натижаларига кўра ўз лавозимини сақлаб қолган, аммо позицияси заифлашган.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024