Глобал ЯИМ 105 трлн долларга яқинлашди. Энг катта иқтисодиётлар қайсилар?
Дунёнинг 10 та энг йирик иқтисодиётининг тўрттаси Европа, учтаси Осиё мамлакатлари ҳисобланади. Савдодаги тўсиқларнинг олиб ташланиши ҳамда иқтисодий эркинликларнинг кўпайиши фонида Осиё мамлакатларининг глобал ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортиб боряпти.
Ривожланган иқтисодиёт – давлатлар бойлиги ва қудратининг асосий кўрсаткичидир. Ялпи ички маҳсулот – мамлакат иқтисодиётининг ҳажмини баҳолаш учун энг муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.
Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, 2023 йил якунлари бўйича дунё мамлакатларининг умумий ЯИМ ҳажми 105 трлн долларга етади.
Глобал иқтисодиётда энг катта улушга эга давлатлар топ-10талиги қуйидагича:
1. Америка Қўшма Штатлари
- ЯИМ: 26,85 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 80 030 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 1,6 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 25,54 фоиз
АҚШ 1960 йилдан то ҳозиргача дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ва энг бой мамлакати мақомини сақлаб келмоқда. Қўшма Штатлар иқтисодиёти хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, молия ва технология каби турли хил тармоқлардан таркиб топган.
2. Хитой
- ЯИМ: 19,37 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 13 720 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 5,2 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 18,43 фоиз
Хитой 1960 йилда дунёнинг энг кучли тўртинчи иқтисодиёти бўлган бўлса, 2023 йилга келиб 2-ўринга кўтарилди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, 2030 йилдан кейинги даврда Хитой АҚШни ортда қолдириб, дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланиши мумкин. Хитой иқтисодиёти асосан ишлаб чиқариш, экспорт ва сармояга боғланган.
3. Япония
- ЯИМ: 4,41 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 35 390 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 1,3 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 4,19 фоиз
Япониянинг иқтисодиёти илғор технологиялар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш саноати билан ажралиб туради. Машҳур тармоқлари: автомобилсозлик, электроника, машинасозлик ва молиявий соҳалар.
4. Германия
- ЯИМ: 4,3 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 51 380 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: -0,1 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 4,1 фоиз
Германия иқтисодиёти экспортга катта эътибор қаратади, машинасозлик, автомобилсозлик, кимё ва фармацевтика соҳалари энг ривожланган тармоқлар ҳисобланади.
5. Ҳиндистон
- ЯИМ: 3,74 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 2601 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 5,9 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 3,55 фоиз
Ҳиндистон иқтисодиётида ахборот технологиялари, хизматлар, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш каби тармоқлар муҳим аҳамият касб этади.
6. Буюк Британия
- ЯИМ: 3,16 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 46 370 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: -0,3 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 3 фоиз
Бирлашган Қироллик иқтисодиёти хизматлар, ишлаб чиқариш, молия ва ижодий соҳаларнинг аралашмасидан иборат. Лондон бутун дунё бўйлаб хорижий инвестицияларни жалб қилувчи молиявий марказ сифатида ном қозонган.
7. Франция
- ЯИМ: 2,92 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 44 410 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 0,7 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 2,78 фоиз
Франция иқтисодиётида авиация, сайёҳлик, ҳашаматли буюмлар ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалар муҳим аҳамият касб этиб, диверсификация даражаси юқорилиги билан ажралиб туради.
8. Италия
- ЯИМ: 2,17 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 36 810 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 0,7 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 2,06 фоиз
Италия Европа Иттифоқидаги учинчи йирик иқтисодиёт бўлиб, мамлакат ўзининг нуфузли ва илғор бизнес сектори, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги саноати билан машҳур.
9. Канада
- ЯИМ: 2,09 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 52 720 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 1,5 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 1,99 фоиз
Канада иқтисодиёти асосан нефт, газ, минераллар ва ёғоч каби табиий ресурсларга боғланган.
10. Бразилия
- ЯИМ: 2,08 трлн доллар
- Аҳоли жон бошига ЯИМ: 9670 доллар
- Йиллик ЯИМ ўсиш суръати: 0,9 фоиз
- Глобал ЯИМдаги улуши: 1,98 фоиз
Бразилия иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш ва хизматлар катта аҳамият касб этади. Мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича энг йирик глобал марказлардан биридир.
Минтақалар кесимида энг йирик иқтисодиётга эга давлатлар:
- Африка: Нигерия (506,6 млрд доллар)
- Осиё: Хитой (19,4 трлн доллар)
- Европа: Германия (4,3 трлн доллар)
- Яқин Шарқ: Саудия Арабистони (1,1 трлн доллар)
- Шимолий ва Марказий Америка: АҚШ (26,9 трлн доллар)
- Океания: Австралия (1,7 трлн доллар)
- Жанубий Америка: Бразилия (2,1 трлн доллар)
Маълумот учун, 2022 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти илк марта 80 млрд доллардан ошиб, 80,4 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич жорий йилда 84 миллиарддан ошиши кутиляпти. Бу билан, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 0,08 фоизни ташкил этади.