Ўзбекистон | 19:43 / 05.10.2023
6975
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти Татаристон саноат салоҳияти кўргазмаси билан танишди

Россияга расмий ташрифи доирасида давлат раҳбари «Қозон Кремли» тарихий-меъморий музей-қўриқхонасида бўлди ва «Казань Экспо» марказида Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасини томоша қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россия Федерациясига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳридаги «Казан Экспо» марказида очилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон раҳбарига Россия ҳукумати раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.

4 октябр куни шу ерда учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтганди. Ўзбекистон президентига ушбу тадбир якунлари тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Ўзбекистон етакчиси Татаристоннинг етакчи корхоналари саноат маҳсулотлари ва технологиялари билан танишди.

Кўргазма доирасида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув бўлиб ўтди. Навбатдаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари форумида эришилган келишувларни, энг аввало, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Татаристонга ташриф давомида Шавкат Мирзиёев «Қозон Кремли» тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди.

Давлат раҳбарига Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.

Қозондаги Кремл ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қозоннинг энг қадимги қисми бўлиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихини ўзида мужассам этган меъморий, тарихий ва археологик ёдгорликлардан иборат.

Бу ерда Ўзбекистон президенти Қул Шариф масжидини кириб кўрди. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камил Самигуллин олий мартабали меҳмонга масжид тарихи ҳақида батафсил сўзлаб берди. Дуо ўқилди.

Масжид 1996-2005 йилларда Қозон хонлиги ҳудудида XVI асрнинг иккинчи ярмига қадар мавжуд бўлган жума масжиди ўрнида бунёд этилган ва Имом Қул Шариф номи билан аталган.

Давлатимиз раҳбари Қозон ва Татаристон митрополити Кирилл ҳамроҳлигида Благовешенск соборини ҳам кўздан кечирди. Қозон Кремли ҳудудидаги обидаларнинг энг қадимгиси бўлган ушбу иншоот XVI асрда бунёд этилган. Псков меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.

Мавзуга оид