ЕИ бошпана бериш тизимини ислоҳ қилишга келишиб олди
Брюсселда бўлиб ўтган доимий вакиллар йиғилишида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар миграция сиёсатини ислоҳ қилишнинг муҳим элементи ҳисобланган инқироз қоидалари деб аталадиган масала бўйича бир қарорга келишга муваффақ бўлди.
Европа Иттифоқи давлатлари Европада бошпана бериш тизимини ислоҳ қилиш бўйича келишмовчиликда муросага келди. Испаниянинг Европа кенгашига раислиги 4 октябр, чоршанба куни Брюсселдаги доимий вакиллар йиғилишида эълон қилганидек, аъзо давлатлар режалаштирилган ислоҳотнинг марказий элементи ҳисобланган инқирозни бошқариш деб аталадиган масала бўйича бир қарорга келишга муваффақ бўлди.
У, масалан, миграция айниқса кучли ўсган тақдирда, мигрантларни қамоққа ўхшаш шароитда ушлаб туриш муддатини узайтириш учун ишлатилиши мумкин. Инқироз механизми, шунингдек, Европа Иттифоқида қолиш имконияти кам бўлган одамларни тўғридан тўғри Европа Иттифоқининг ташқи чегарасида тезкор бошпана бериш жараёнидан ўтиши ва рад этилса, дарҳол қайтариб юборилишини таъминлайди. Умуман олганда, Европа Иттифоқининг бошпана тизимини ислоҳ қилиш режалари миграцияни чеклашга қаратилган кўплаб қўшимчаларни ўз ичига олади.
Германия ва Италия ўртасидаги келишмовчилик
Германия ва Италия ўртасида Ўрта Ер денгизида хусусий қутқарув ташкилотларининг роли бўйича низо бор эди. AFP агентлиги дипломатик манбаларга таяниб хабар берганидек, эришилган муросага эришиш натижасида Италия ҳукумати қутқарув ишлари натижасида кўп сонли муҳожирларнинг мамлакатга келишига жавобан инқироз чораларини қўллашни тақиқловчи қоидани олиб ташлашга муваффақ бўлди.
Германия узоқ вақтдан бери инсонпарварлик нуқтаи назаридан инқирозга қарши қоидаларни қабул қилишни блоклаб қўйган, аммо сентябр охирида у биринчи муроса вариантига рози бўлганди. Қарорни изоҳлар экан, ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германия ҳукумати «таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш каби минимал ҳуманитар стандартлар заифлашмаслиги учун қаттиқ ва муваффақиятли курашганини» айтди. Германия дипломатияси раҳбари қўшимча қилишича, келишув инқирозни бошқариш «фақат асосли ҳолатларда» қўлланишини таъминлайди. Энди қонунчилик пакети бўйича музокаралар жадал суръатларда давом этиши мумкин.
2015 йилда қочқинлар инқирози кузатилганидан бери давом этаётган бошпана бериш тизими ислоҳоти 2024 йил июн ойида бўлиб ўтадиган Европа сайловларидан олдин ўтказилиши керак. Бироқ бунинг учун Европа Иттифоқи давлатлари Европарламент билан қонунчилик пакетини келишиб олиши лозим, бу ҳам қийин вазифа ҳисобланади.
Мавзуга оид
14:41 / 20.11.2024
ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
16:48 / 19.11.2024
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
11:37 / 15.11.2024