Жаҳон | 23:07 / 06.10.2023
8415
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозига янги айбловлар қўйилди

Фото: ТАСС

Саркозига ўзининг сайловолди компанияси учун «Ливия ҳукуматидан пул олганлик иши» бўйича янги айбловлар қўйилди.

Бу гал собиқ давлат раҳбарига икки хил айблов қўйилган: ўзига қарши тергов жараёнида гувоҳга пора берганлик ва «уюшган гуруҳ томонидан фирибгарлик содир қилиш учун жиноий тил бириктирганлик».

Саркози сешанба кунидан буён Париж судида сўроқ қилинмоқда ва унга айблов қўйилгани янги суд маҳкамаси бўлишини англатади.

Гап шундаки, Саркозининг президентлик кампанияси Ливия томонидан молиялаштирилгани иши бўйича воситачи Зиёд Тақйиддин ўз кўрсатмаларидан қайтган. Энди Саркози гувоҳга босим ўтказганликда гумон қилинмоқда, бироқ бу ишда айбини тан олмаяпти.

Сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича суд 2025 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда сиёсатчи «пассив коррупция, жиноий тил бириктириш, сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш ва давлат маблағларини ўзлаштириш» айби билан маҳкамага тортилади.

2021 йилда Mediapart нашри Саркозининг президентлик кампаниясига Ливия ҳукумати 50 миллион евро ўтказгани ҳақидаги ҳужжатларни эълон қилди.

2016 йилда Зиёд Тақйиддин 2006 йил охири ва 2007 йил бошида Ливиядан Францияга беш миллион евро нақд пул солинган жомадонларни етказиб берганини айтди. Икки марта у Саркози маъмурияти раҳбари Клод Гуэнага ва бир марта шахсан собиқ президентга пул берганини таъкидлаган.

Юқорида тилга олинган айбловлар бўйича иш 2018 йилда қўзғатилди ва 2020 йил ноябрида Тақйиддин Саркозига қарши кўрсатмасидан воз кечган эди.

Мавзуга оид