Ўзбекистон | 10:06 / 07.10.2023
11203
4 дақиқада ўқилади

Ботаника боғи пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги муассаса ихтиёрига ўтказилмоқда 

Фанлар Академиясига қарашли, 1950 йилда ташкил этилган, 65 га ер майдонига эга Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари” давлат муассасаси балансига ўтказилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – project.gov.uz порталида Ҳукуматнинг «Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси пайдо бўлган.

Қарорда республикадаги 196 та истироҳат боғини Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари” давлат муассасалари балансига ўтказиш белгиланган. Рўйхатда Тошкент шаҳрида жойлашган, Марказий Осиёда ягона бўлган Ботаника боғи ҳам бор. Ташкил қилинганига 73 йил бўлган мазкур боғ айни пайтда Фанлар академияси Ботаника институти балансида.

Ҳукуматнинг мазкур қарор лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўляпти. 

Ўзбекистон Экологик партияси қарор лойиҳаси бўйича муносабат билдириб, Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш кераклигини маълум қилди.  

“Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги мазкур Ботаника боғи унинг низомига кўра, илмий муассаса бўлиб, бугунги кунда боғдаги ўсимликларнинг турлари генофонди, сонининг хилма-хиллиги, коллецион турлар генофонди бўйича Марказий Осиёдаги йирик ягона бўлган ноёб илмий-уникал обект ҳисобланади.

 Ботаника боғи 2-3 йилда яна 200 дан ортиқ янги манзарали турлар билан бойитилган. Айни пайтда мазкур боғда 2450 дан ортиқ гулли-манзарали дарахт ва буталар ҳамда доривор ўсимлик турлари мавжуд.

 Шу билан бирга, ноёб ва эндем ўсимликлар турлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 40 га яқин ноёб ва табиатда йўқолиб бораётган ўсимликлар коллекциялари яратилмоқда.

 Халқаро индекс тизими орқали 80 дан ортиқ хорижий давлатлар билан манзарали ўсимликлар уруғини алмашиниш йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда Ботаника боғида 97 нафар ходим, шу жумладан, 3 нафар фан доктори, 8 нафар фан номзоди фаолият олиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ботаника боғининг базасида 7 та докторлик ва 5 та PhD диссертациялар ҳимоя қилинган. Шунингдек, 3 та илмий лабораториялар ишламоқда.

2021 йилда Тошкент Ботаника боғи дунёдаги 118 та давлатлардаги 800 та ботаника боғлари билан иш олиб борувчи ҳамда ўсимликларни сақлаб қолиш бўйича ўзаро ҳамкорлиги дунёдаги энг катта тармоқни ташкил этувчи Халқаро Ботаника боғларини ҳимоя қилиш (Botanic Gardens Conservation International – BGCI) ташкилотига аъзоликка қабул қилинган.

Юқоридаги қарор лойиҳасида истироҳат боғлари ҳудудларини савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, аттракционлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Ушбу фаолият эса, илмий муассаса сифатида ташкил этилган Тошкент Ботаника боғида сақланаётган, дунёнинг 5 қитъасидан келтирилган, ноёб бўлган флора объектларига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли, Ботаника боғини Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасидан чиқариш ҳамда унга Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш керак, деб ҳисоблаймиз”, дейилади партия муносабатида.

Қўшимча қилинишича, мазкур масала бўйича партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси номидан Ҳукуматга депутатлик сўрови юборилган.

Мавзуга оид