Афғонистонда кучли зилзила: қурбонлар сони икки мингдан ошди
Афғонистон ғарбидаги кучли зилзила қурбонлари сони икки минг кишига етган. Бу ҳақда мамлакатни бошқараётган «Толибон» расмийси якшанба куни маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу маълумот якуний рақамлар эмас. Жабрланганлар сони ўн мингга яқинлашган.
Толибларнинг Қатарда бўлиб турган вакили Суҳайл Шаҳин Al Jazeera телеканалига жуда кўпчилик бедарак йўқолгани ҳақида айтган. Табиий офатдан жабрланган ҳудудларда палаткалар, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмоқда. У маҳаллий тадбиркорларга ва нодавлат ташкилотларга жабрланганларга ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.
Аввалроқ толиблар ҳукумати ахборот ва маданият вазирлиги вакили Абдулвоҳид Раян Associated Press агентлигига зилзила ва ундан кейинги кучли афтершоклар оқибатида 2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлганини маълум қилганди.
Унинг сўзларига кўра, олти қишлоқ вайрон бўлган, юзлаб кишилар харобалар остида қолган, омон қолганлар учун эса фавқулодда ёрдам кўрсатилиши талаб этилади.
АҚШ Геология хизматига кўра, 6,3 магнитудали зилзила шанба куни маҳаллий вақт билан соат 11 атрофида Ҳиротдан 40 км шимоли-ғарбда рўй берган.
Зилзила ортидан учта кучли афтершок кузатилган — 6,3, 5,9 ва 5,5 магнитудали ер силкинишлари.
Кучли афтершоклар қўшни Бадгис ва Фараҳ вилоятларида ҳам сезилган.
Қутқарувчилар тун бўйи харобалар остида омон қолганларни қидиришган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Ҳирот вилоятидаги камида 12 қишлоқда 4200 дан ортиқ киши яшаб келган 600 дан ортиқ уйлар вайрон бўлган ёки қисман шикастланган.
ЖСТнинг Афғонистон бўйича бўлими Зиндоҳ Жанга яраланганларни шифохонага олиб келиш учун 12 та тез ёрдам машиналари юборилганини маълум қилган.
«Бу зилзила оқибатида қурбон бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида хабарлар келиши давом этаётгани туфайли шифохоналарда бўлиб турган жамоалар ярадорларни даъволашда ёрдам кўрсатмоқда ва талабни баҳоламоқда, — дейилган БМТ твиттер саҳифасида. — ЖСТ тақдим этган тез ёрдам машиналари жабрланувчиларни ташимоқда, уларнинг аксари аёллар ва болалар».
Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими жуда ёмон аҳволда, шифохоналарда кўп миқдордаги жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш учун шароитлар йўқ. БМТ ва бошқа ташкилотлар мамлакатга инсонпарварлик ёрдами етказишни бошлаган.
«Биз офисларимизда эдик ва кутилмаганда бино титрай бошлади. Деворлардан штукатурка тушиб кета бошлади, ёриқлар пайдо бўлди, айрим деворлар ва биноларнинг бир қисми қулаб тушди», - деган AFP агентлигига Ҳиротда яшовчи Башир Аҳмад.
«Мен ўз оилам билан қўнғироқлаша олмаяпман, мобил алоқа ишламаяпти. Мен жуда хавотирдаман ва қўрқяпман, бу жуда қўрқинчли эди», - дея қўшимча қилган у.
«Толибон» соғлиқни сақлаш вазири табиий офат кўламини баҳолаш учун Ҳиротга ташриф буюрган.
Ҳирот марказий шифохонасида олинган кадрларда томизгичларга уланган жабрланувчиларга кўчанинг ўзида ёрдам кўрсатилаётгани акс этган.
Бошқа кадрларда Ҳиротнинг Инжил туманидаги вайронгарчиликларни кўриш мумкин, бу ерда йўллар тўсилиб қолгани қутқарувчилар фаолиятига тўсқинлик қилган.
Ҳирот шарқдаги Эрон билан чегарадан 120 км масофада жойлашган ва Афғонистоннинг маданий пойтахти ҳисобланади. Жаҳон банкининг 2019 йилдаги маълумотларига кўра, вилоятда 1,9 млн атрофида киши яшаган.
Афғонистонда, айниқса Ҳиндикуш тоғли массивида тез-тез зилзилалар рўй бериб туради, чунки у Евросиё ва Ҳинд тектоник плиталари туташган жойда жойлашган.
2022 йил июнида Пактика вилоятида рўй берган 5,9, магнитудали зилзила оқибатида 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, ўн минглаб кишилар бошпанасиз қолганди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024